Россиялик депутат Қирғизистонни “кичик ташкилот” деб ҳақоратлади
Олам
−
25 Апрель 19376 3 дақиқа
Қирғизистонда “рус уйи” ходимаси Наталья Секеринанинг қирғизистонликларни Россия армиясига аскарликка ёллашда гумон қилиниб, ҳибсга олинишига нисбатан россиялик депутат Михаил Матвеев расмий Бишкек манзилига ҳақоратли муносабат йўллади. Давлат думаси депутатининг вазиятга агрессив тарзда ёндашуви RTVI’га берган интервьюсида намоён бўлди.
Россиялик депутат, Давлат думасининг Минтақавий сиёсат бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Матвеев Ўш шаҳридаги “Россотрудничество” ваколатхонаси ходимаси Наталья Секеринанинг ёллаш айблови билан қўлга олиниши ва Бишкекдаги Первомай туман суди томонидан 17 июнгача ҳибсда қолдирилишига нисбатан кескин норозилик билдирди. У “қирғиз ҳукумати маълум чегараларни кесиб ўтмоқда”, дея таъкидлади ва Қирғизистонни “кичик ташкилот” деб ҳақорат қилди.
“Буюк кучда ўзини беадаб тутадиган кичик, беадаб ташкилотни ўз ўрнига солиб қўйиш учун миллионлаб вариантлар бор”, деган депутат.
“Бепарво ташкилот” деганда депутат Қирғизистонни назарда тутган. Шунингдек, у Қирғизистонни баъзи чоралар билан жазолаш вариантларини ҳам тақдим қилган.
“Ўйлайманки, Қирғизистонга Россия банкларидан пул ўтказмаларини олишни чеклаш осон бўларди. Тўсатдан тўсиб қўйилган бу ўтказмалар билан ҳам шундай ҳолат юз бериши мумкинми?” деб таҳдид қилган Матвеев.
Шу билан бирга, Матвеев Кремль 9 май байрами арафасида Қирғизистон билан муносабатларни кескинлаштириши даргумонлигини қўшимча қилган. Унга кўра, бундай вақтларда кескинлашувдан ҳеч ким манфаатдор эмас.
Шунингдек, Россия томони бу воқеага юқори органлар даражасида ҳам жавоб қайтарди. Давлат Думаси ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши мазкур ҳибс ва айбловдан хавотирда эканини билдириб, Россия манфаатларини хорижда ифодаловчи ташкилотларга нисбатан бундай ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини эълон қилди.
“Рус уйи” ходимасининг қўлга олиниши
Жорий йил 17 апрель куни Қирғизистонда Россиянинг Украинадаги босқинига аскар ёллаш айблови билан Ўш шаҳрида жойлашган “рус уйи”да фаолият олиб борувчи журналист ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ёллаш иши доирасида ушбу шахсдан ташқари яна 3 киши жумладан, Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам қўлга олинган. Лапушкин ноқонуний тарзда армияга ёллаш ва ҳатто ўқитишни ташкил этиш билан айбланмоқда.
Уларга нисбатан жиноят иши айнан Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган. 22 апрель куни Бишкекдаги Первомай туман суди бу жараёндаги асосий қаҳрамонлардан бири ҳисобланадиган “рус уйи”да ишловчи журналист Наталья Секеринага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 17 июнгача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Гумон қилинувчига Қирғизистон Жиноят кодексининг энг сўнгги, 416-моддаси 1-қисмида қайд этилган “бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувларида фойдаланиш, давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари учун ёлланма аскарларни ёллаш, молиялаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ўқитиш, шунингдек, ҳарбий можаролар ёки ҳаракатларда ёлланма аскарлардан фойдаланиш” айбловлари таҳдид солмоқда.
Ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва Секерина бу вақт давомида ҳибсда қолади. “Рус уйи” ходимасининг ёллаш ишига алоқадорлиги исботланса, уни Қирғизистон қонунчилиги бўйича 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутмоқда. Секерина ҳақида ҳозиргача маълум бўлгани унинг Қирғизистон фуқароси экани, 2024 йил июль ойидан бери “рус уйида” ишлаб, ташкилотнинг Ўшдаги филиалида оммавий ахборот воситалари билан алоқага масъул бўлгани каби маълумотлардир.
Live
Барчаси