“Военкомат”га айланган “рус уйлари”

Таҳлил

Айримларга уй тўридан жой берсанг, ўзини йўқотиб, чорпояси билан чиқади. Бу ибора бугун сўз юритиладиган, гуманитар ва маданий соҳани ниқоб қилган ҳолда сиёсий қуролга айланиб бораётган “рус уйлари”нинг сўнгги пайтдаги фаолиятига мос келади деб айтиш мумкин. Кўплаб давлатлар дунёнинг турли нуқталарида ўзларининг маданий марказларига эга. Бундай марказлар ўзи жойлашган давлатдаги диаспорани маҳаллий аҳоли билан интеграциялаш, халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, маданий тадбирлар ташкил қилиш, қадриятларни яхши томондан кўрсатиш ва шунга ўхшаш ижобий вазифаларни бажаради. Бу одатда мамлакатлар ва яқин ҳамкорлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, янги даражага олиб чиқиш учун хизмат қилиши лозим.  Аммо ҳар доимгидек Россия ракурсидан ижобий кўринишда бўлиши керак бўлган жараён аксинча тус олади. Ўтган кунлар давомида Қирғизистон мисолида бу ўзининг исботини топди. Кўплаб давлатларда Россия маданий маркази негизида ташкил қилинадиган “Россотрудничества” ёки “рус уйи” деб ҳам номланувчи субъектда хунук ва қабул қилиб бўлмас иш бўлгани ҳақида хабар тарқалди. “Рус уйи” ходимларидан бири қирғизларни Россиянинг Украинадаги босқин ҳаракатларига ёллашда гумонланиб, қўлга олинди. Асл вазифаси гуманитар фаолият бўлган “Рус уйи”дан бундай ҳаракатлар амалга оширилиши умуман олганда кутилмаган ҳодиса эмас. Чунки Украинага босқин бошлангандан буён бу ташкилот Ўзбекистонда ҳам бир неча бор босқинни қўлловчи артистларнинг концертларини ўтказишга уриниши ортидан оғизга тушганди. Мана орадан вақт ўтиши билан, барча кўриб турганидек, “Рус уйи” бундан-да баттар амалиётлар билан алоқадор бўлиб боряпти. 3 йил олдин “Россотрудничество” Европа Иттифоқининг санкцияларига тушганди. Жорий йил бошида эса Озарбайжондан “қувилди”. Бугун эса  Қирғизистон мисолида Брюссел ва Бакунинг ушбу қарорларида жон борлиги аён бўлди.

Қирғизистондаги “рус уйи” “военкомат”ми?

Жорий йил 19 апрель куни Қирғизистонда Россиянинг Украинадаги босқинига аскар ёллаш айблови билан Ўш шаҳрида жойлашган “рус уйи”да фаолият олиб борувчи журналист ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ёллаш иши доирасида ушбу шахсдан ташқари яна 3 киши, жумладан, Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам қўлга олинган. Лапушкин ноқонуний тарзда армияга ёллаш ва ҳатто ўқитишни ташкил этиш билан айбланмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши айнан Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган. 22 апрель куни Бишкекдаги Первомай туман суди эса бу жараёндаги асосий қаҳрамонлардан бири ҳисобланадиган “рус уйи”да ишловчи журналист Наталя Секеринага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 17 июнгача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Гумон қилинувчига Қирғизистон Жиноят кодексининг энг сўнгги, 416-моддаси 1-қисмида қайд этилган “бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувларида фойдаланиш, давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари учун ёлланма аскарларни ёллаш, молиялаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ўқитиш, шунингдек, ҳарбий можаролар ёки ҳаракатларда ёлланма аскарлардан фойдаланиш” айбловлари таҳдид солмоқда. Ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва Секерина бу вақт давомида ҳибсда қолади. “Рус уйи” ходимасининг ёллаш ишига алоқадорлиги исботланса, уни Қирғизистон қонунчилиги бўйича 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутмоқда. Секерина ҳақида ҳозиргача маълум бўлгани унинг Қирғизистон фуқароси экани, 2024 йил июль ойидан бери “рус уйида” ишлаб, ташкилотнинг Ўшдаги филиалида оммавий ахборот воситалари билан алоқага масъул бўлгани каби маълумотлардир.

Энг қизиғи, у ҳибсга олинганидан сўнг “рус уйи” бу ҳақда баёнот берди ва ўзини ишчисининг айнан нима билан айбланаётганидан худди бехабардай тутди. Барчаси аниқ-равшан бўлишига қарамай, “Россотрудничество”нинг Бишкекдаги идораси Секеринанинг ҳибсга олингани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги ва холис тергов ўтказилишига умид қилишини билдирди. Бишкекдаги “рус уйи” ташкилот ходимаси Наталя Секеринанинг ҳибсга олиниши тўғрисида қуйидагича баёнот берди ва камига “ҳукуматлараро битим билан белгиланган доирада фаолият юритади” деб қўшимча қилди. Худди бундай ҳукуматлараро битимлар ичида, Қирғизистон ерларида руслар ва уларга алоқадор шахсларга қандайдир картбланш ҳуқуқи берилган ёки улар исталган ишини қилиши мумкиндек.

“Афсуски, бизда айбловнинг моҳияти тўғрисида тўлиқ маълумот йўқ, лекин ходимимиз ва ўртоғимизнинг тақдиридан хавотирдамиз. Ишончимиз комилки, бизнинг ходимимизнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади ва унинг хавфсизлиги кафолатланади. Биз тергов масаланинг моҳиятини яхшилаб тушунишига ишонамиз”, дейилади баёнотда.

“Россотрудничество” – Россия тарғибот қуроли

Шу ўринда кўпчиликда “Россотрудничество” ёки “рус уйи” нима ва қандай ташкилот экани, у хорижий мамлакатларда қандай ишларни амалга ошириши юзасидан савол туғилиши табиий. Шундай экан, унинг фаолиятини таърифлашни бир нечта сўзлар билан бошлаш ўринли. Яъни “рус уйи” бу Россиянинг ташқи дунёдаги таъсирини оширишга ихтисослашган дипломатик қуролдир. Дейлик, қайсидир давлатларда рус тилини давлат тили мақоми даражасига олиб чиқиш, Украинадаги босқинни олқишловчи Кремль саройининг содиқ хизматкори бўлмиш санъаткорларнинг концертларини ташкил қилиш каби ишлар ортида туриши мумкин бўлган ташкилот. Унга журналист, давлат ва жамоат арбоби, учинчи тоифали давлат маслаҳатчиси Евгений Примаков раҳбарлик қилади. Мазкур агентлик 2008 йилда ўша пайтда номигагина бир муддат Россия Президенти сифатида фаолият юритган Дмитрий Медведев қарорига кўра ташкил қилинган. Унинг дастлабки мақсади асосан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги Россия таъсирини сақлаб қолиш ва Россиянинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш каби вазифалардан иборат бўлган. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элда яшовчи руслар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик – “Россотрудничество” Россия Федерациясининг федерал ижроия органи ҳисобланади. Россия Федерациясининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар, бошқа хорижий давлатлар билан халқаро муносабатларини таъминлаш ва ривожлантириш соҳасида, шунингдек ,халқаро гуманитар ҳамкорлик соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат мулкини бошқариш функцияларини амалга оширади. Аммо вақт ўтиши билан “Рус уйи”нинг кўлами фақат МДҲ билан чекланиб қолмади. Айни дамда агентлик 71 та давлатда фаолият юритади. У Марказий Осиё, Лотин Америкаси, Шарқий Европа ва бошқа ҳудудларда мавжуд. Лекин “рус уйи” барибир кўпроқ МДҲда Россия ўз таъсирини сақлаб қолиш йўлида хизмат қилади. Бунинг учун миллиардлаб пуллар ҳам сарфланади. Хорижда Россиянинг объектив ғоясини тарқатишга қаратилган бу ташкилот мавжуд мамлакатларда турли тадбирларни ташкил қилади, фестиваллар, кўргазмалар, концертлар, конференциялар ўтказади. Грантлар ажратиш, рус маданияти ҳақида маълумотлар тарқатишга мўлжалланган ахборот марказларини яратиш ҳам “рус уйи” функцияларига киради.

Аммо энди кўпчиликка маълум бўлганидек, бу агентликка яна бир қўшимча вазифа юкланган бўлиши ҳам мумкин. Бу ўзи жойлашган мамлакатлар фуқароларини босқинга ёллашми? Ҳар ҳолда Қирғизистондан “рус уйи” ходимаси айнан шу айблов билан ҳибсда. Шунинг учун бу ҳақда бирор нарса дейиш қийин. Бишкек ва Москва ўртасидаги сўнгги тушунмовчиликлардан хабардор бўлганлар, Наталя Серекинага қўйилган айбловни Россия пойтахтидаги “Бодрость” номли ҳаммомда ОМОН томонидан калтакланган қирғизлар воқеасига боғлаб талқин қилиши мумкин. Эсингизда бўлса, Россия ТИВ вазирлиги Бишкекнинг мазкур ҳолат бўйича берган эътирозларига жавобан ўз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “аслида тўғри ва қонуний иш қилган” дея жавоб қайтарганди. Икки воқелик ўртасидаги вақт оралиғи эса атиги 1 ҳафта. Бу ҳам қандайдир шубҳа-гумонларни урчитиши табиий. Аммо “Россотрудничество”нинг яқин тарихига назар ташланса, ташкилот қоғозда ёзилган вазифалардан ташқарига ҳам чиқиб туриш ҳолатларига кўзингиз тушади. Масалан, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кўп ўтмай, ташкилотнинг фаолияти глобал миқёсда назарга тушди. Чунки “рус уйи” аралашуви гумони билан Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаш учун 2022 йил апрель ойида Европа бўйлаб синхрон тарзда россияпараст оммавий митинглар, намойишлар ва автомобиль конвойларини ташкил этиш каби ҳолатлар кузатилгани қайд этилди. Шу боис, 2022 йил июль ойида Европа Иттифоқи “Россотрудничество”га Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказадиган ёки таҳдид соладиган ҳаракатлар ва босқин сиёсатини қўллаб-қувватлаш айби билан санкциялар киритди. Кейинчалик Канада ҳам Россиянинг Украинага асоссиз ҳужумини қўллаб-қувватлагани учун агентликка нисбатан худди шундай чора кўрди. Украинанинг ўзидаги “рус уйи” эса аллақачон, 2021 йилдан бери санкциялар остида эди. Жорий йилда эса Россиянинг ушбу дипломатик қуроли билан содир бўлган энг шов-шувли воқеа Озарбайжонда кузатилди. Февраль ойида расмий Баку мамлакатдаги “рус уйи”ни ёпиш ҳақида маълум қилди. Озарбайжон ҳукумати “рус уйи”нинг ёпилиш сабаби сифатида унинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги билан изоҳлади. “Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков эса кўп йиллар мобайнида бир неча бор рўйхатдан ўтишни сўраб расмий идораларга мурожаат қилингани, аммо уларнинг бу мурожаатлари жавобсиз қолганини иддао қилди.

“Гап шундаки, Россиянинг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси, ваколатхонамиз ва Ташқи ишлар вазирлиги бу йиллар давомида кўп маротаба Адлия вазирлигига, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига рўйхатдан ўтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Биз ҳар доим бунга тайёр эдик, аммо бизнинг мурожаатларимиз жавобсиз қолди”, дейди у.

Америкалик машҳур тадбиркор Ж.П Морганнинг бир машҳур иқтибоси бор. У бир пайтлар “инсонда доим бирор ишни қилишда иккита сабаб бўлади, бири айтиш учун чиройли сабаб, иккинчиси эса асл сабаб” деган эди. Баку ўзининг бу қарорини ҳуқуқий доирадаги камчиликлар билан боғлаганига қарамай, ушбу қарор ортида мамлакатнинг хориж таъсирига тоқатсизлиги турганини кўпчилик англаганди. Чунки Озарбайжон “россотрудничество”ни ёпишидан олдинроқ, АҚШ тараққиёт агентлиги – USAID фаолиятини ҳам тугатганди. Бундан ташқари, “рус уйи” ёпилишидан икки ой аввал Ақтауда қулаган Озарбайжон самолёти ортидан Алиев ва Кремль орасига совуқчилик тушганди.

Ўзбекистондаги “рус уйи”

Ҳа, айтганча, бу ташкилот МДҲнинг бир қанча мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам мавжуд. “Россотрудничество” ваколатхонаси ўз фаолиятини Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси умумий раҳбарлиги ва назорати остида амалга ошириши белгиланган. Ташкилот расмий сайтида ёзилишича, “Россотрудничество” ваколатхонасининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти 2001 йилдан буён шу ерда фаолият олиб борадиган Россия фан ва маданият маркази негизида қуйидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги 1992 йил 30 майдаги шартнома;
  • Россия Федерацияси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 1998 йил 6 майдаги ахборот-маданий марказларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш шартлари тўғрисидаги битим;
  • Россия Федерацияси Президентининг 2009 йил 13 ноябрдаги 1283-сонли “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари бўйича Федерал агентлиги, чет элда яшовчи ватандошлар ва Россия Федерациясидан ташқарида халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича ваколатхоналар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони.

Қизиғи шундаки, ташкилотнинг расмий сайтида “Россотрудничество” ваколатхонаси ўз фаолиятида Россия Федерацияси Конституцияси, федерал конституциявий қонунлар ва федерал қонунлар, Россия Федерацияси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Россия Федерацияси ҳукуматининг қарорлари ва фармойишлари, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, “Россотрудничество” қарорлари ва раҳбариятининг кўрсатмалари, шунингдек, Россия Федерациясининг халқаро шартномалари ва энг охирида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига амал қилиши ёзиб қўйилган. Ўзбекистонда фаолият юритишига қарамай, ўз сайтида Россия Федерациясининг ўнлаб қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қаторлаштириб ташлаган “Россотрудничество” шунчаки бир оғиз сўз билан “Ўзбекистон қонунчилигига амал қилади” деган ҳолда, миллий қонунчиликдаги қайси ҳужжатлар ва қонунларга бўйсунишни қайд этишга эринган чоғи.

“Россотрудничество” ваколатхонаси раҳбари ўз фаолиятини Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан мувофиқлаштиради, унга ўз ваколатларини амалга оширишда ёрдам беради ва ўз иши тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилади. 2022 йил июль ойида ташкилот ЕИ санкцияларига киритилган пайтда унинг Тошкентдаги ваколатхонаси янги бинога кўчиб ўтди ва ҳозирда Тошкент марказида Космонавтлар метросидан 5 дақиқалик пиёда масофада жойлашган Юнус Ражабий кўчаси 63-уйда фаолият юритиб келади. 2023 йил август ойидан бошлаб Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси даражасидаги “Россотрудничество” ваколатхонасининг раҳбари этиб Ирина Александровна Староселская тайинланганди. Россиянинг Украинага босқини бошланганидан то бугунга қадар бу босқинни қўлловчи рус қўшиқчилари ёки бошқа санъат вакилларининг Ўзбекистонда концерт бериши эълон қилинганда ижтимоий тармоқларда бунга қарши чиқилгани ва фаоллар томонидан норозилик челленжлари ўтказилганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Баъзида эса шу тадбирлар ортида “Россотрудничество” тургани ҳақида хабарлар тез-тез учрайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг