“Ҳаммасига Хитой айбдор”. Оқ уй COVID-19 келиб чиқишининг “ҳақиқий сабабини” очиқлади
Олам
−
19 Апрель 2025 8378 2 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари COVID-19 вирусини Хитойдаги лабораторияда яратилган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Оқ уйнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Хабарга кўра, SARS-CoV-2 вируси Хитойдаги тадқиқот лабораториясидан сизиб чиқиши оқибатида пайдо бўлган. Шундай қилиб, АҚШ федерал ҳукумати COVID-19 келиб чиқишининг лаборатория версияси расман 7 миллионга яқин одам вафот этишига сабабчи, деб ўйламоқда.
Оқ уй маъмурияти ўз позициясини қўллаб-қувватлаш учун далиллар келтирган. Унга кўра, вирус “табиатда учрамайдиган биологик хусусиятларга” эга, COVID-19 билан касалланишнинг барча ҳолатлари бир манбадан келиб чиққан.
Қўшимча қилинишича, Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирусни ўрганиш бўйича етакчи лаборатория мавжуд бўлиб, унда биохавфсизлик даражаси етарли бўлмаган ва вирус функцияларини кучайтириш бўйича тажрибалар ўтказилган. Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, Ухань вирусология институти ходимларида COVID-19ʼга ўхшаш аломатлар 2019 йил кузида – расмий эпидемия бошланишидан бир неча ой олдин пайдо бўлган. Шунингдек, Оқ уй баёнотида қайд этилишича, вируснинг табиий келиб чиқиши ҳақида ишончли далиллар тақдим этилмаган.
“Фаннинг барча мезонларига кўра, агар табиий келиб чиқиш далиллари мавжуд бўлса, улар аллақачон пайдо бўлган бўларди, лекин улар йўқ”, дейилади расмий баёнотда.
Маълумот учун, январь ойида ҳам АҚШ коронавирус табиий равишда эмас, балки сунъий равишда пайдо бўлгани ҳақида ҳисобот эълон қилди, аммо бунга аниқ далиллар келтирилмаган. Март ойида АҚШ суди Хитой ҳукуматини пандемия бошида коронавирус тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбдор деб топди ва Хитойдан 24 миллиард доллардан ортиқ маблағ ундиришга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда кўршапалакларда COVID-19ʼга ўхшаш янги коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилганди.