Курс UZS

USD

12 960.38

-6

EUR

14 152.73

-61.02

RUB

151.92

1.69

Ўзбек футболининг эрта сўнган юлдузлари

Таҳлил

Ўзбек футболи бир нечта истеъдодларни катта саҳнага олиб чиқди. Аммо шундай футболчилар бўлдики, тезда машҳурликка эришди, ҳаттоки Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам бир нечта ўйинларни ўтказишга муваффақ бўлиб, сўнгра, жароҳат ва яна бир қанча сабаблар билан футбол оламида изсиз ғойиб бўлди. QALAMPIR.UZ мана шундай машҳурликка эришиб, кейин бирданига йўқолиб қолган ўзбекистонлик футболчилар ҳақида тўхталиб ўтади.

Достон Иброҳимов

1997 йилда Навоий вилоятида туғилган Достон Иброҳимов футболчилик фаолиятида “Пахтакор” ва “Бухоро” сафидаги  ўйинлари билан оммага танилган. “Шерлар” сафида 2017 йилдан 2020 йилга қадар 17 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди. Шунингдек, у Ўзбекистон U-19, U-23 терма жамоаларидаги мазмунли ўйинлари сабаб 2019 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилган. У терма жамоадаги илк ўйинини 2019 йилнинг 2 июнь куни Туркияга қарши ўртоқлик учрашувида ўтказган. Иброҳимов ўнг қанот вингери позициясида ўйнаган ва ўша вақтлар ўз позициясида Ўзбекистондаги энг иқтидорли футболчилардан бири эди. Кейинчалик у “Қизилқум”, “Ғиждувон” клубларида тўп тепди. Шундан кейин унинг фаолиятида кескин пастлаш кузатилди ва футбол оммасининг назаридан четда қолди. Айни вақтга келиб Иброҳимов “Каттақўрғон” клубида фаолиятини давом эттирмоқда.

Андрей Сидоров

2018 йилги “қорли финал” қаҳрамони Андрей Сидоров ёдингиздами? У ҳам биз бошлаган мавзуга доир футболчилардан. Сидоров U-23 терма жамоаси сафида Хитойда ўтган Осиё кубоги финалида 120-дақиқада Вьетнам дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоага ғалаба тақдим этди. Шундан кейин унинг фаолияти янада юксак даражага кўтарилади дейилганди. Аммо бундай бўлмади, ўша голдан кейин у бир муддат “Қизилқум”да тўп тепди. Фаолияти давомида “Пахтакор”, “Қизилқум”, “Қўқон-1912”, “Бухоро”, “Хўжанд”, “Динамо”, “Арис” каби клублар шарафини ҳимоя қилди. Айни дамга келиб, у Қирғизистоннинг “ОшМу Алдиер” клубида тўп тепмоқда.

Достон Турсунов

2018 йилги Осиё кубоги қаҳрамонларидан бири ҳимоячи Достон Турсунов ўша турнирдан кейин миллий терма жамоага ҳам жалб этилди ва 7 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди. Турсунов футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор”, “Нефтчи”, “Қўқон-1912”, “Металлург”, “Ренофа Амагучи”, “Пусан”, “Чонгкинг Лиангжианг”, каби клубларда тўп тепган. 2023/24 йилги мавсумни Эроннинг “Истиқлол Хузистон” клубида ўтказган футболчи жорий мавсумни Ўзбекистон Суперлигасига йўлланмани қўлга киритган “Хоразм” жамоасида бошлади.

Жавоҳир Соҳибов

Самвел Бабаянинг “Пахтакор”даги топилмаси Жавоҳир Соҳибов “шерлар” сафидаги ўйинлари билан кенг футбол оммасига танилган. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам 14 та ўйинда майдонга тушган. У миллий терма жамоадаги дебютини 2015 йилнинг 3 сентябрида Яманга қарши учрашувда ўтказган. Соҳибов “Пахтакор”, “Металлург”, “Сўғдиёна”, “Локомотив”, “Турон”, “Сурхон”, “Олой” клубларида фаолият олиб борган. Айни вақтга келиб, у Қирғизистоннинг “Ўзган” клубида тўп тепмоқда.

Владимир Козак

2010-2020 йиллар оралиғида Тошкентнинг “Пахтакор” клубида фаолият олиб борган Козак айни вақтга келиб, Тошкентнинг “Локомотив”ида тўп тепмоқда. У ўз вақтида “шерлар”нинг асосий футболчиларидан бири бўлган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига ҳам жалб этилган. Асосан, чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаган Козак орада Самарқанднинг “Динамо” клубида ҳам фаолият олиб борди. Айни вақтга келиб, у яна бир бор “темирйўлчилар” билан шартнома имзолаб, мавсумни ушбу клуб сафида бошлайдиган бўлди.

Санжар Қодирқулов

“Бунёдкор” академиясининг порлаб чиққан Қодирқулов клуб сафидаги мазмунли ўйинлари сабаб омма эътиборига тушди. Ўзбекистоннинг бир нечта ёш тоифаларидаги терма жамоаларида тўп тепган футболчи 2019 йилнинг 10 октябрида миллий терма жамоа сафида дебютини ўтказди. Қодирқулов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 14 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди. Қодирқулов футболчилик фаолияти давомида “Бунёдкор”, “Металлург”, “Локомотив”, “Нефтчи” клубларида тўп тепган. 27 ёшли футболчи 2025 йилги мавсумни Самарқанднинг “Динамо”сида бошлайдиган бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Санжар Қодирқулов Владимир Козак Жавоҳир Соҳибов Достон Турсунов Андрей Сидоров Достон Иброҳимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг


Мавзуга доир янгиликлар