13 яшар қиз билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлган эркакнинг жазоси ўзгариши мумкин

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Андижон вилоятида 37 ёшли эркак қўшнисининг 13 ёшли қизига пул эвазига жинсий алоқа таклиф қилгани, унинг аёли эса бунда воситачи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу иш судда кўриб чиқилганда эркакка 5 сутка қамоқ, хотинига эса 750 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Апелляция суди ҳам қарорни ўзгартирмаган. Эндиликда туман ва вилоят судларининг ушбу қарорларига нисбатан тафтиш тартибида протест келтирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Билдирилишича, Андижонда содир бўлган ҳолат билан боғлиқ маъмурий иш бўйича чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги ўрганилган. Ўрганиш натижасига кўра, Бош прокуратура Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2024 йилнинг 10 декабрдаги ҳамда Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 23 декабрдаги қарорларига нисбатан тафтиш тартибида протест келтирган.

Ўзи нима бўлган эди?

2024 йил ноябрь ойида иш судда кўрилган. Судланувчининг гувоҳлигига кўра, 1987 йилда туғилган Б.О. рафиқаси билан интим эҳтиёжларини қондира олмаган ва унга қўшниси 2011 йилда туғилган М.ни олиб келишини айтган. Бироқ унинг сўзларига кўра, у ухлаб қолган ва кейин нима бўлганини эслай олмаган.

Вояга етмаган М. судда ўша куни қўшниси уни уйига олиб келиб, эри билан жинсий алоқада бўлишини айтганини маълум қилган. Аёл, шунингдек, ўсмир “ҳеч нарсани кўрмаслиги ва оғриқни ҳис қилмаслиги” учун кўзини боғлаб қўйишини айтган ва бунинг учун 50 минг сўм таклиф қилган. Қизча рад этгач, суҳбатга эркак аралашган ва агар у рози бўлса, 100 минг сўм тўлашини айтган. Қизча қўрқиб кетиб, қочиб кетган.

Вояга етмаган қизнинг онаси судда қизлари М. ва Р. унга қўнғироқ қилиб, М.ни қўшни эркак ўзининг жинсий эҳтиёжларини қондириши учун уйига олиб кетишганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, тан жароҳати ёки зўравонлик ҳолати бўлмаган, аммо шикоятни қаноатлантиришни сўраган. Унинг фикрича, эркак ва унинг рафиқаси ҳаракатларида жиноят белгилари бўлиши мумкин. Шу боис она биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш материалларини прокуратурага юборишни сўраган.

Биринчи инстанция суди Б.О. ва унинг рафиқаси ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми “Шаҳвоний шилқимлик” билан тўғри квалификация қилинган деб топган. Эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси, хотинига эса давлат фойдасига 750 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Апелляция суди ҳам маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни ўзгаришсиз қолдириб, жиноят ишини қўзғатиш зарурлиги тўғрисидаги аризага рози бўлмаган. Болалар омбудсмани матбуот котиби Дилноза Юсупованинг QALAMPIR.UZ'гa маълум қилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳолат юзасидан чиқарилган суд хужжатларини ўрганиб, уларни бола манфаатига зид деб ҳисоблаб, 2025 йилнинг 4 февраль куни биринчи инстанция ва апелляция судларининг мазкур қарорлари устидан протест билдириш бўйича Бош прокуратурага тегишли илтимоснома киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура жарима жинсий алоқа Апелляция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг