Эрон Макроннинг Теҳронга нисбатан ёлғон даъволарини рад этди
Олам
−
08 Январь
1752Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Исмоил Багай Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакат ҳақидаги сўнгги баёнотларини рад этиб, уларни асоссиз ва зиддиятли деб баҳолади. Бу ҳақда ИРНА хабар берди.
У Франциянинг Ғарбий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ноконструктив ёндашувларини қайта кўриб чиқишга чақирди.
“Минтақадаги тинчлик ва барқарорликка бевосита ва реал таҳдид Исроилнинг ишғол режими томонидан қўйилган бўлиб, у Америка Қўшма Штатлари ва қатор Европа давлатлари, жумладан, Франция томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, нафақат ўз ишғоли ва геноцидларини давом эттирмоқда, балки Фаластинни босиб олган, лекин айни пайтда минтақадаги турли мамлакатларда ўзининг тажовузкорлиги ва ҳарбий экспанцияси кўламини доимий равишда кенгайтирмоқда”, деган Багай.
У, шунингдек, Франция Президенти халқаро жиноий суд томонидан тергов қилинаётган геноцид режимини қоралаш ўрнига, доимо тинчлик тарафдори бўлган ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳурмат қилган давлатга қарши айбловлар йўналтираётганидан жуда афсусдалигини қўшимча қилган.
Эронлик дипломат Макроннинг Эрон ядровий дастурига оид даъволарини рад этиб, Эроннинг тинч ядровий фаолияти халқаро қонунларга мувофиқ ва Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг яқин ва доимий назорати остида олиб борилаётганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ёлғон айбловлар Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасидаги (JCPOA) мажбуриятларга зид. Бундан ташқари, ядровий қурол ва оммавий қуроллар билан таъминлашда муҳим роль ўйнаган давлат томонидан сохта айбловлар қўйилаётгани иккиюзламачилик намунасидир.
Багай Эроннинг Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш зарурлиги ҳақидаги қатъий ва принципиал позициясини эслатиб, Теҳроннинг Украина можаросига аралашуви ҳақидаги айбловларни рад этди.
“Бундай масъулиятсиз баёнотлар ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ва дунёдаги инқирозларни кучайтирувчи асосий актёрларнинг бузғунчи ролини яширишга уринишдир”, деб тушунтирди у.
Маълумот учун, Франция Президенти Эммануэль Макрон жорий йилнинг 6 январь куни мамлакатнинг 2025 йилдаги ташқи сиёсатига бағишланган анжуманда расмий Теҳрон Франция, Европа ва минтақа учун асосий стратегик ва хавфсизлик муаммоси эканини айтганди. Бу борадаги асоссиз иддаоларини давом эттирган Макрон, Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари, бу давлатнинг Украинадаги урушда Россияни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, минтақадаги хавфли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши, Африкага прокси кучлар юбориши ва терроризмнинг содир этилишида жиддий ташвиш туғдираётганини қайд этганди.
Эслатиб бўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Х ижтимоий тармоғи эгаси, миллиардер Илон Маскни Европа сиёсатига аралашганликда ва бутун дунё бўйлаб реакцион ҳаракатни қўллаб-қувватлаганликда айблаганди.