Баъзи солиқ турлари қўшимча тарзда туман ва шаҳарлар бюджетларида қолдирилади

Жамият

image

Маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш ва мустақиллигини ошириш мақсадида айрим солиқ турлари қўшимча тарзда туман ва шаҳарлар бюджетларида қолдирилади. Бу ҳақда бугун, 3 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевга берилган “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида ахборотда сўз боради.

Билдирилишича, қуйидаги солиқ турлари қўшимча тарзда туман ва шаҳарлар бюджетларида қолдирилади.

  • айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари тўлиқлигича (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
  • давлат мулкини хусусийлаштиришдан маҳаллий бюджетларга тушадиган тушумларнинг 50 фоизи.

Шунингдек, туман ва шаҳарлар маҳаллий кенгашларига айрим солиқ турлари бўйича коэффициент қўллаш ваколатлар берилган.

Бундан ташқари, 17 та модда ва 10 та иловадан иборат бўлган “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6 фоиз ўсиши кутилмоқда.

"Консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм миқдорида, харажатлари эса 480,5 триллион сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан тасдиқланди", дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилди. Бунда давлат бюджети даромадлари 308,5 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 344,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилди.

"2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари прогнози 65,8 триллион сўм, харажатлари прогнози 84,3 триллион сўм миқдорида бўлиши инобатга олинган. Шунингдек, республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 18,5 триллион сўм миқдорида тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ўтказиб берилиши назарда тутилган", дейилади хабарда.

Қонунга кўра, бу йил ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби тадбирлар учун жами давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи йўналтирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ давлат бюджети

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг