Путин “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарадиган қонунни имзолади
Олам
−
28 Декабрь 2024
2771Бугун, 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташкилотларни террорчилар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда мамлакатнинг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Унга кўра, Россияда террорчи деб эълон қилинган ташкилот фаолиятига қўйилган тақиқни Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг даъвоси асосида суд қарори билан бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Бу мазмундаги қарорни қабул қилиш учун бундай ташкилот кўрсатиб ўтилган рўйхатга киритилганидан кейин терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятни амалга оширишни тўхтатгани тўғрисидаги асосли маълумотлар бўлиши керак.
Нашрга кўра, ҳозирги вақтда Россия Федерацияси қонунчилигида бундай ташкилотнинг фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш имконини берувчи механизм назарда тутилмаган. Тасдиқланган қонун эса ана шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилган. Суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг, террорчилик ташкилотлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Маълумот учун, “Толибон” Россияда 2003 йилдан бери террорчи ташкилот сифатида тан олинганига қарамай, Москва сўнгги йилларда у билан алоқаларни давом эттириб келмоқда. Владимир Путин “Толибон”ни “ҳамкорлар”, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса “оқил одамлар” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси иккинчи ва учинчи якуний ўқишда “Толибон” ҳаракатини Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имкониятини кўзда тутувчи қонунни қабул қилганди.
LiveБарчаси