Ақтаудаги авиаҳалокатда жабрланган қирғизистонлик ҳушига келди
Олам
−
28 Декабрь 2024
10288Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаган Embraer 190 самолётининг бортида бўлган ва авиаҳалокатда оғир жароҳат олган Қирғизистон фуқароси Ринат Асанов ўзига келди. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 28 декабрь куни унинг яқинлари, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари ва тиббиёт ходимлари Ақтауга етиб борган.
Шунингдек, жабрланган фуқароларни Янги йил олдидан ўз ватанларига қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш маълум қилинган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, қолган икки жабрланувчининг аҳволи барқарорлигича қолмоқда, бироқ улар шифокор назоратини талаб қилишда давом этмоқда.
Хабарга кўра, ушбу ишлар Қозоғистон ва Озарбайжон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Тадбирлар Президент Садир Жапаровнинг шахсан назорати остида ўтказилмоқда.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда. Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси