ЕИ Кенгаши Россияга қарши 15-санкция пакетини маъқуллади
Олам
−
16 Декабрь
2531Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Россиянинг Украинага қарши уруши учун 15-санкция пакетини маъқуллади. Бу ҳақда бугун, 16 декабрь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг олий вакили Кая Каллас маълум қилди.
"Россия Украина ва Украина халқига қарши ноинсоний ҳужумларини давом эттирмоқда. Ушбу санкциялар пакети Россия ҳарбий машинасини ва бу урушни амалга ошираётганларни, жумладан, Хитой компанияларини заифлаштиришга қаратилган жавобимизнинг бир қисмидир", деди Каллас.
Унинг сўзларига кўра, янги санкциялар пакетининг қабул қилиниши Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлашда бирлигини кўрсатади.
“Бизнинг бевосита устувор вазифамиз Украинани энг кучли позицияга қўйишдир. Биз Украина халқини барча жабҳаларда қўллаб-қувватлаймиз: гуманитар, иқтисодий, сиёсий, дипломатик ва ҳарбий. Украина ғалаба қозонишига шубҳа бўлиши мумкин эмас”, деб таъкидлади у.
Шунингдек, "қора рўйхат"га Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган Россия, Хитой ва КХДРдан 54 нафар шахс ва 30 та ташкилот киритилган.
Июль ойи бошида Киевдаги "Охмадет" болалар шифохонасига уюштирилган ҳужум учун жавобгар бўлган Россия Қуролли кучлари бўлинмаси, энергетика соҳасидаги етакчи компаниялар раҳбарлари, КХДРнинг икки юқори мартабали амалдори, шунингдек, украиналик болаларни депортация қилиш, тарғибот ва санкцияларни четлаб ўтиш учун жавобгар шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилди.
Санкциялар Россия Федерацияси томонидан тақиқланган нефть экспортини амалга оширадиган соя флотига қарши курашиш орқали ЕИ санкцияларини четлаб ўтиш муаммосини ҳал қилишга, шунингдек, Россия ҳарбий-саноат комплексини заифлаштиришга қаратилган.
Нефть хомашёси ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали ташиш ва Россия ҳукуматига муҳим даромад келтириш учун масъул бўлган Россия мудофаа ва юк ташиш компанияларига нисбатан чеклов чоралари жорий этилди. Рўйхатга учинчи давлатларнинг соя флотига кирувчи 52 та кемаси киритилган ва шу тариқа Европа Иттифоқи санкциялари остидаги кемаларнинг умумий сони 79 тага етказилган. Уларга Европа Иттифоқи портларига кириш ва Европа компанияларидан хизматлар олиш тақиқланган.
Бундан ташқари, рўйхатга кимё заводи ва Россия ҳарбий хизматчиларини топширишда муҳим логистика бўғини бўлган фуқаролик рус авиакомпанияси киритилган. Биринчи марта Россия Федерациясига учувчисиз самолётлар қисмлари ва микроэлектрон компонентлар етказиб берувчи бир қатор Хитой компанияларига нисбатан саёҳатни тақиқлаш, активларни музлатиш ва иқтисодий ресурслар билан таъминлашни тақиқлаш каби кенг кўламли санкциялар жорий этилмоқда.
Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватловчилар рўйхатига 32 та янги субъект қўшилди, улар экспортга қатъий чекловлар қўйилади.
"Улардан баъзилари учинчи мамлакатларда – Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Сербия ва БААда жойлашган ва савдо чекловларини четлаб ўтиш бўйича фаолият билан шуғулланади", дейилади баёнотда.
ЕИ Кенгаши, шунингдек, Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг 248-моддаси асосида Россия судлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг Европа Иттифоқида тан олиниши ва ижро этилишини тақиқлади. Ушбу қарорлар кўпинча Европа компаниялари учун номутаносиб равишда юқори жарималарга олиб келган. Ушбу чора жарималарни Европа компанияларига қўллашни олдини олади.
Европа Иттифоқи Кенгаши веб-сайтига кўра, янги санкциялар тез орада Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилади. Бунга параллел равишда, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганининг уч йиллигига тўғри келиши мумкин бўлган 16-санкциялар пакети устида иш олиб борилмоқда. Европа Иттифоқининг айрим аъзолари пакетни зудлик билан муҳокама қилишни талаб қилмоқда.
"Умид қиламизки, у Россия товарларига каттароқ импорт тарифларини ўз ичига олади", деди дипломатик манбалар.
LiveБарчаси