Трамп “Йил одами” деб топилди
Олам
−
12 Декабрь
4255Американинг “Time” журнали АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни “Йил одами” деб топди.
“Йил одами” номинациясига жами ўн киши номзод бўлди. Булар:
- АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп;
- Жо Байден пойгадан чиқиб, Трампга ютқазиб қўйганидан сўнг давлат раҳбари лавозими учун курашга кирган АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис;
- SpaceX ва Tesla асосчиси, АҚШ янги президент маъмуриятида ўрин олган миллиардер бизнесмен Илон Маск;
- Бу йил саратон касаллигига чалинган ва кимётерапиядан ўтган Уэльс маликаси Кэйт Миддлетон;
- Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная;
- Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху;
- АҚШ Федерал захира раиси Жером Пауэлл;
- Америкалик комедиячи ва подкаст бошловчиси Жо Роган;
- Мексика тарихидаги биринчи аёл Президент Клаудия Шейнбаум;
- Meta бош директори Марк Цукерберг.
Қайд этиш жоиз, номзодлар орасидаги Цукерберг (2010), Трамп (2016), Ҳаррис (2020; Байден билан бирга) ва Маск (2021) олдин ҳам “Йил одами” сифатида танланган. 2022 йилда унвон “Украина руҳи” ва мамлакат Президенти Владимир Зеленскийга насиб этди. 2023 йилда “Time” журнали америкалик қўшиқчи Тейлор Свифтни “Йил одами” сифатида танлади.
“Time” – 1923 йилдан бери нашр этиладиган Америка журнали. Нашрнинг барча платформалардаги умумий аудиторияси 2023 йил март ҳолатига кўра, 100 миллион кишидан ошди. 1927 йилдан бери журнал ўзининг декабрь сонида йил одамини эълон қилади ва унинг суратини муқовага қўяди. Муайян шахсдан ташқари, у одамлар гуруҳи ёки тушунчаси ҳам бўлиши мумкин. Қарор таҳририят томонидан қабул қилинади. Унга кўра, унвонни олувчи сўнгги 12 ой ичида дунёга сезиларли таъсир кўрсатган бўлиши керак – ва бу ижобий бўлиши шарт эмас.
Йиллар давомида Махатма Ганди, Адольф Гитлер, Иосиф Сталин, Уинстон Черчилл, Мартин Лютер Кинг, чақалоқ боомерс, Аполлон 8 астронавтлари, шахсий компьютер, Михаил Горбачев, Билл Клинтон, Жефф Безос, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин ҳам “Йил одами” бўлган.
LiveБарчаси