Мирзиёев Жапаровни табриклади
Жамият
−
06 Декабрь
5461Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Сизнинг халқ турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлаш, Қирғизистоннинг халқаро майдондаги обрўси ва нуфузини янада ошириш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларингиз алоҳида эътиборга лойиқдир.
Сўнгги йилларда мустаҳкам сиёсий иродамиз туфайли тарихий дўст давлатларимиз ўртасидаги кўп асрлик қардошлик ришталарини ҳар томонлама мустаҳкамладик, ўзаро манфаатли муносабатларимизни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтардик. Шу муносабат билан яқин биродарлик, олий даражадаги ўзаро ташриф ва мулоқотларни фаоллаштириш, самарали музокаралар чоғида эришилган муҳим келишувлар халқларимиз умумий манфаатларига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман", дейилади табрикда.
Шунингдек, Мирзиёев белгилаб олинган катта режа ва марралар, бошланган йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирди.
"Юқори ҳурмат ва ишонч, ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларимиз бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, сизни ҳаётингиздаги ушбу қувончли кун билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли давлат фаолиятингизда янги зафарлар, қардош Қирғизистон халқига эса тинчлик, барқарорлик, барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилайман", дейилади Мирзиёев табригида.
Маълумот учун, Садир Жапаров 1968 йил 6 декабрда туғилган. У 56 ёшни қаршилади.