Илон Маск Трампнинг Зеленский билан суҳбатида қатнашди
Олам
−
09 Ноябрь
8297SpaceX асосчиси, америкалик тадбиркор Илон Маск сайловда ғалаба қозонган АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп ва Украина раҳбари Владимир Зеленский ўртасидаги телефон суҳбатида иштирок этди. Бу ҳақда кеча, 8 ноябрь куни Трамп ва Зеленский ўртасидаги суҳбат мазмуни билан таниш бўлган икки суҳбатдошига таяниб, “Axios” нашри хабар берди.
Илон Маск Украинани Starlink сунъий йўлдош тизимига киришни таъминлаш орқали қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган. Украина Қуролли кучлари алоқани таъминлаш учун Starlink терминалларидан фойдаланади. Маск журналистларнинг вазиятга изоҳ бериш талабига жавоб бермаган.
Трамп ва Зеленский ўртасидаги суҳбат тахминан 25 дақиқа давом этган. Украина Президенти республикачини президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаган ва Трамп бунга жавобан Киевни қўллаб-қувватлашини айтган.
Трамп Украина масаласини сайлов кампанияси давомида асосий масалалардан бирига айлантирди. У 2025 йил 20 январь куни бўлиб ўтиши режа қилинган инаугурациясидан олдин вазиятни ҳал қилиш режаларини эълон қилади. Қўшма Штатларда биринчи овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг, ғалаба нутқи билан тарафдорларига мурожаат қилган Трамп “барча урушларни тўхтатиш” ниятини билдирди, бироқ аниқ ташаббусларни илгари сурмади.
Маълумот учун, Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонган, аммо 2020 йилги сайловда мағлуб бўлган. Шундан сўнг, у 2020 йилги сайловда кенг кўламли фирибгарлик бўлганини даъво қилиб келади. Ушбу даъволар 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумга олиб келган бўлиб, Трамп тарафдорлари Президент Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатишга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Wall Street Journal” нашри АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп Украинага Россия билан ҳарбий низони ҳудудларни қайтармасдан музлатишни ва НАТОга камида 20 йилгача қўшилишдан воз кечишни таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Нашрга кўра, ҳозирда Трамп маслаҳатчилари урушни тугатишнинг айнан шундай сценарийсини муҳокама қилмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар бутун фронт чизиғи бўйлаб музлатилгандан сўнг демилитаризация зонаси эълон қилиниши режалаштирилган. Бироқ унинг хавфсизлигини ким таъминлаши ҳозирча номаълум. WSJ манбаларидан бири бу жараёнда АҚШ қўшинлари ёки БМТ контингенти иштирок этишини рад этган. Ўз навбатида, НАТОга яқин 20 йил ичида аъзо бўлмасликка рози бўлиш эвазига Трамп Украинани қурол билан таъминлашни давом эттиришга ваъда беради.
LiveБарчаси
Жиззахда қимор ўйнаганлар қўлга олинди.
16 Ноябрь