Қозоғистондаги ўзбекистонликлар яна огоҳлантирилди
Жамият
−
27 Октябрь
18900Қозоғистонда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳликка чақирилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда қўшни Қозоғистон ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиши оқибатида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, яқин ҳафталар давомида жойларда туман, кучли ёмғир ҳамда йўлларда музлаш ҳолатлари республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланишда қийинчиликларни юзага келтириши мумкин.
“Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, ишончли ва хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, дейилган агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Қозоғистон Республикасининг турли ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган ўзбекистонликлардан ортга қайтиш вақтида ишончсиз автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар хизматидан фойдаланмаслик сўралганди.
LiveБарчаси