Қариш жараёнини секинлаштириш учун қандай овқатланиш керак?
Саломатлик
−
08 Октябрь
15696Овқатланиш рационини тузишга жиддий эътибор бериш орқали қарилик ва у билан боғлиқ нохуш оқибатларни, масалан, ажин тушишини анча кечиктириш мумкин. Бунда нафақат маҳсулотлар танлови, балки уларни қандай тановул қилишни ҳам билиш муҳим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаришни секинлаштириш учун овқатланишнинг асосий қоидаларини маълум қилди.
Табиий ва ҳақиқий маҳсулотларни танлаш
Аввало, ишлаб чиқариш жараёнида витамин ва озуқа моддаларининг кўп қисми олиб ташланган, аммо токсинлар ва яширин шакар билан тўлдирилган қайта ишланган маҳсулотлардан сақланиш зарур. Ярим тайёр маҳсулотлар ўрнига қорамол, балиқ, парранда гўшти, сабзавот, мева ва ёнғоқларни сотиб олган маъқул.
Таомни камроқ, аммо секин тановул қилиш
Калорияларни чеклаш ҳаётни узайтириши илмий жиҳатдан исботланган. Секин овқатланиш озуқа моддаларининг яхшироқ сўрилишига ва яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, шунингдек, иммунитетни ҳимоя қилиш учун жуда муҳим бўлган ичак флораси мувозанатини ҳам таъминлайди.
Мева-сабзавотлар соғлом овқатланишнинг асосидир
Улар танага қаришнинг баъзи таъсирига қарши курашадиган пребиотик ва антиоксидантларни етказиб беради. Гарчи кўпчилик мева-сабзавотларнинг афзалликлари ҳақида яхши билса-да, одатда дастурхонда бундай неъматлар етарли бўлмайди. Уларнинг ўрнига кўпроқ столда гўшт ёки қайта ишланган маҳсулотлар туради.
Рационда кўкат ва зираворлар ҳам бўлиши
Хушбўй зираворлар антиоксидант, овқат ҳазм қилиш, дезинфекциялаш, гликация ҳамда яллиғланишга қарши курашиш ва бошқа фойдали хусусиятларга эга. Айниқса зарчава (куркума), долчин, райҳон, занжабил, саримсоқ, бибария (розмарин), кашнич, кардаман, зира ва хантал фойдали. Улар нафақат таомномани хилма-хил қилади, балки ёшликни сақлашга ёрдам беради.
Қорамол, балиқ ва парранда гўштини камроқ, лекин сифатлисини тановул қилиш
Мустаҳкам саломатлик ва тетиклик учун ҳар килограмм вазнга атиги 0,8-1 грамм ҳайвон оқсили керак. Умуман олганда, бу кунига бир марта қорамол, балиқ ёки парранда гўшти ейиш дегани. Асосийси – таркибида гормонлар ва антибиотиклар бўлмаган сифатли маҳсулотларни топа олиш. Қаришга қарши парҳезнинг асосий улушини ўсимлик маҳсулотлари (сабзавотлар, донлар, ёнғоқлар) ташкил қилиши муҳим, уларда ҳам оқсил мавжуд.
Ёш кўриниш ва ўзини анча бақувват ҳис қилиш учун нафақат таомномани мувозанатлаш, балки уйқу режимини тартибга келтириш, шунингдек, мунтазам жисмоний фаолликни ҳам одат қилиш зарур. Акс ҳолда, ҳеч қандай “ёшлик элексири” иш бермайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ инсон саломатлигига таъсир қилиб, организмнинг қариш жараёнларини тезлаштирадиган маҳсулотлар ҳақида маълумот берилганди.
LiveБарчаси