Ўзбекистонда сентябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилади?
Жамият
−
30 Август
33902Ўзгидромет 2024 йилнинг сентябрь ойи учун об-ҳаво прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, ойнинг биринчи ўн кунлигида қулай ҳарорат фонида қуруқ об-ҳаво ҳукм суриши кутилмоқда.
Кечаси ва эрта тонгда 12-17 даража ҳароратда тетиклантирувчи салқинлик сезилади, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони 28-33 даражагача, баъзи жойларда 35 даражагача иситади. Ўн кунликнинг иккинчи ярмида 24-27 даражагача қисқа муддатга пасайиши мумкин.
Кейинчалик, сентябрь ойининг охиригача пастроқ фонда ҳарорат кечалари 13-18 даражадан 7-12 даражагача, кундуз кунлари 28-33 даражадан 20-25 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Кўп йиллик кузатув маълумотларига кўра, республика ҳудудининг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат 30-33 даражани, ойнинг иккинчи ярмида 26-29 даражани ташкил этади. Сентябрь ойининг энг иссиқ кунларида термометр кўрсаткичи 35-37 даражагача, жанубда 39-41 даражагача кўтарилади.
Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Иқлим хусусиятларига кўра, Ўзбекистонда сентябрь ойи йилнинг энг қурғоқчил ойларидан бири деб ҳисобланади.
Ойлик ёғингарчилик миқдори июль ва август ойларига нисбатан бироз кўпроқ бўлиб, текислик ҳудудларда 1-5 мм ни, тоғларга яқин ҳудудларда 6-10 мм ни ташкил этади ва фақат баланд тоғли ҳудудларда 15-30 мм қийматларга етади. Ёмғир одатда камдан-кам ёғади, ой учун ўртача 1-4 марта ва кўп ҳолларда жадаллиги паст бўлади.
Шундай йиллар кузатилганки, сентябрь ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича умуман ёмғир ёғмаган. Сўнгги марта бундай аномал қуруқ сентябрь ойлари 2007 ва 2021 йилларда кузатилган.
Кундуз кунги ҳарорат 22-25 даражагача, баъзан эса ундан ҳам пастроқ бўлган даврлар ҳар йили сентябрь ойида қайд этилади ва одатда даврийлиги жуда қисқа бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ август ойида қандай об-ҳаво бўлиши ҳақида хабар берилганди.