Ўзбекистон Халқаро биология олимпиадасидан четлатилди
Жамият
−
19 Июль
20324Ўзбекистон 2024 йилги Халқаро биология олимпиадаси (IBO)дан четлатилиб, олимпиадада иштирок этган барча ўқувчиларнинг натижалари бекор қилинди. Шунингдек, IBO'га аъзо давлатлар рўйхатидан ҳам чиқариб юборилди. Бу ҳақда Халқаро биология олимпиадаси ташкилоти хабар берди.
Бу қарор IBO бошқарув кенгаши томонидан қабул қилинган ва бунга Ўзбекистон делегацияси томонидан қоидаларга риоя қилинмаганлиги сабаб бўлган. Бу эса республиканинг келгусидаги иштирокини ҳам хавф остига қўйиши мумкин.
Исмини ошкор қилишни истамаган мутахассиснинг сўзларига кўра, олимпиада жараёнида ўзбекистонлик иштирокчилар томонидан академик ҳалоллик тамойиллари бузилган. Яъни, жорий йилнинг 7-14 июль кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган олимпиадада бир нафар ўзбекистонлик ўқувчининг тест топшириқларига таржима қилиш жараёнида махсус белгилар қўйилганлиги қайд этилган.
“Бизнингча, IBO бошқарув кенгаши бу қарорни дарҳол қабул қилмаган, сабаби Ўзбекистон делегацияси томонидан 2010 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Халқаро биология олимпиадасида худди шундай ҳолат кузатилиб, ўшанда ҳам ўқувчиларнинг натижалари бекор қилиб юборилганди. Бундай ҳолат Ўзбекистон билан иккинчи маротаба содир бўлганлиги сабабли, IBO бошқарув кенгаши Ўзбекистонни олимпиада ташкилотига аъзо давлатлар рўйхатидан ҳам чиқариб юборган бўлиши мумкин. Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда ўтказиладиган баъзи олимпиада, танлов ва мусобақаларда ҳам академик ҳалоллик тамойилларининг бузилиши ҳолатлари учраб туради. Бу эса нафақат танловларнинг адолатлилигига, балки таълим тизимининг умумий нуфузига ҳам жиддий зарар етказмоқда”, дейди мутахассис.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг маълум қилишича, Остона шаҳрида бўлиб ўтган ушбу олимпиадада Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицей педагоги ўқувчисига ёрдам беришга ҳаракат қилган.
Маълумот учун, Халқаро биология олимпиадаси дунё бўйлаб энг иқтидорли ва билимдон ўқувчиларни бир жойга тўплайдиган нуфузли олимпиада ҳисобланади. У ҳар йили ўтказилиб, биология фани бўйича ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказади. Ўзбекистон ҳам бу олимпиадада 1997 йилдан бери иштирок этиб келаётганди.
LiveБарчаси