Қозоғистонда шакар экспортига тақиқ қўйилди
Олам
−
14 Июнь
3137Қозоғистонда шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда давлат қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров буйруғига таяниб “Tengrinews” нашри хабар берди.
“Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирининг 2024 йил 11 июндаги “Қанд экспортининг айрим масалалари тўғрисида”ги 196-сон буйруғи билан 2024 йил 31 августгача шакарни мамлакат ҳудудидан, жумладан, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга ҳам олиб чиқиш вақтинчалик тақиқланди”, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.
Нашрга кўра, буйруқ 2024 йил 14 июндан кучга кирган. Шакар экспортига нисбатан вақтинчалик чеклов чораларини белгилаш тўғрисидаги қарор ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия томонидан 2024 йил 6 майда қабул қилинган.
Қайд этилишича, тақиқ шакарнинг Қозоғистон ҳудуди орқали халқаро транзитига, шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бир давлат ҳудудидан ЕОИИ аъзо бошқа давлат ҳудудига Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтилишига тааллуқли эмас.
Вазирлик маълумотларига кўра, ёзда Қозоғистоннинг ички бозорида шакар истеъмоли ҳам аҳоли, ҳам саноат истеъмолчилари томонидан ошади. Шу туфайли бозорни таъминлаш ва шакарнинг реэкспортига йўл қўймаслик мақсадида шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилган.
“Айни пайтда Қозоғистонда мавжуд шакар захираси қанд лавлагининг янги ҳосили келгунига қадар талабни қондириш учун етарли. Маҳаллий заводлар шакар ишлаб чиқариш учун учинчи мамлакатлардан шакарқамиш олиб келади. Вазирлик саноатда қайта ишлаш учун шакар хомашёсини божсиз олиб кириш учун аризаларни қабул қилишни давом эттирмоқда”, дейди Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда жорий йилнинг 16 апрелидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми 20 фоизга (2 100 тоннадан – 2 500 тоннага) оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга (13 600 сўмдан – 12 860 сўмга) пасайтирилди.
Шакар маҳсулотининг биржа савдоларидаги нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга пасайган бўлса, бозорлардаги чакана нарх ўзгаришсиз қолган.
“Нархларни барқарор сақлаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, нархлар кескин ўсиши бўйича хавотирга ўрин йўқ. Шу сабабли интернет тармоқларида тарқатилаётган тўлиқ ўрганилмаган хабарларга асосан хавотирга тушмаслигингизни сўраб қоламиз”, дейди Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов.
LiveБарчаси