Байденнинг ўғли қурол сотиб олиш ишида айбдор деб топилди
Олам
−
12 Июнь
4290АҚШдаги Дэлавер штатининг Уилмингтон шаҳридаги ҳакамлар ҳайъати 54 ёшли Хантер Байденни ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топди. Кеча, 11 июнь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденнинг ўғли федерал айбловлар билан унга қўйилган учта модданинг барчасида айбдор деб топилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Собиқ адвокат, лоббичи ва бизнесмен Хантер Байден 2018 йилда Colt Cobra 38 револьверини сотиб олиш учун бланкаларни тўлдираётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапирганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, ўша йилнинг октябрь ойида у гиёҳвандлик ҳолатида 11 кун давомида қурол сақлаган. Умуман олганда, бу ҳолатда Хантер Байден 25 йилгача қамоқ жазоси, шунингдек, 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.
Кичик Байденнинг адвокати Эбби Лоуэлл аввалроқ айбловни сиёсий мотивли деб атаган эди.
“11 кун давомида ўқсиз қуролга эга бўлган Хантер Байден жамоат хавфсизлигига таҳдид солмади, аммо сиёсий босимга берилиб кетган барча тасаввурга эга бўлган прокурор адлия тизимимизга жиддий таҳдид солади”, дейди адвокат баёнотида.
Бу Қўшма Штатлар тарихида амалдаги Президентнинг фарзандига қарши биринчи суд жараёнидир. Ундан ноябрь ойидаги сайловларда Байденнинг эҳтимолий рақиби бўлган АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Хантер Байден сентябрь ойида Калифорнияда бошланадиган солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб судга тортилади.
Хантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлаш айбини тан олишга рози бўлган. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий жазодан қочишга ёрдам бериши керак эди. Ўша йилнинг июль ойида округ суди судьяси Мареллен Нореика тегишли ҳужжатни имзолашдан бош тортгани учун айблов шартномаси ҳақиқатда бузилганлиги маълум бўлди. Суд битимда "ностандарт шартлар" мавжуд ва бу тергов давом этаётган эпизодларда Байденга иммунитет бериши мумкин, деб ҳисоблади. Шартнома бузилганидан сўнг, Хантер Байден ўз айбини тан олишдан воз кечди.
LiveБарчаси