Зеленскийнинг “кунига мингта дрон” режаси “мақтанчоқлик” – Захарова (видео)
World
−
12:45 1441 1 minute
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Россия ҳудудига кунига 1 мингта дрон билан зарба бериш кераклиги ҳақидаги баёнотини Ғарб аудиториясига қаратилган “мақтанчоқлик” деб атади. Бу ҳақда TAСС хабар берди.
Нашрга кўра, Захарова Шарқий иқтисодий форум доирасидаги брифингда Зеленский Россияга дрон ҳужумлари сонини кунига 1 мингтагача оширишга чақирганини айтган.
“Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳозирда улар кунига ўртача 300 та зарба бермоқда”, деган Россия ТИВ вакили.
Унинг таъкидлашича, Россия ҳудудига берилаётган дрон зарбалари тинч аҳолига, жумладан болалар ва ёшларга, шунингдек, аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлайдиган ижтимоий объектларга қаратилмоқда.
Шунингдек, Захарова Зеленскийнинг ушбу баёноти Ғарб давлатларидан янги молиявий ёрдам олишга қаратилганини таъкидлаган.
“Бу Ғарб аудиториясига қаратилган мақтанчоқлик”, деган у.
Россия ТИВ вакилининг фикрича, Зеленскийнинг Россиядаги фуқаролик объектларига кунига 1 мингта зарба бериш ҳақидаги сўзлари унинг тинчликка интилаётгани ҳақидаги баёнотларининг самимий эмаслигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат мудофаа-саноат мажмуаси олдига узоқ масофага учувчи дронлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш вазифасини қўйган эди. Мақсад – Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига бир суткада 1 мингтагача дрон учириш имкониятини яратиш.
Live
All