Ёзувчи сунъий интеллект ёрдамида 370 дан ортиқ китоб ёзиб, млн доллар ишлади

World

−

image

Жанубий африкалик ёзувчи Корал Ҳарт 2025 йил февралидан буён сунъий интеллект ёрдамида 370 дан ортиқ китоб нашр этди. Унинг асарлари миллионлаб нусхада сотилди, даромади эса 1 миллион доллардан ошган. Бу ҳақда “African news” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Корал Ҳарт ёзувчининг ҳақиқий исми эмас, балки тахаллуси. У сунъий интеллектдан фойдаланишга қарши бўлган кишиларнинг таҳдидлари ва минглаб ғазабли хабарларидан ҳимояланиш учун ўз исмини ошкор қилмайди.

Ёзувчининг айтишича, сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлашидан олдин у 14 йил давомида нашриёт соҳасида ишлаган ва ўнлаб асарларни мустақил равишда ёзган. У китоб ёзиш имконини берадиган тизим ишлаб чиқиш учун турли сунъий интеллект моделларини ўрганишга уч ой сарфлаган.

“Мен диалогларни жуда яхши ёзадиган, аммо бадиий насрда унчалик кучли бўлмаган ChatGPT билан ишлайман. Claude’да воқеалар ривожи яхши шаклланади, бироқ у эротик мавзуларда қийналади. Grok каби бошқа моделлар эса мутлақо бошқариб бўлмайдиган бўлса-да, эҳтиросли саҳналарни ёзишда яхши”, дея тушунтирган Корал Ҳарт.

Ёзувчи аввал асарнинг асосий ғояси, услуби, қаҳрамонлар тафсилотлари ва боблар тузилишини ўзи белгилайди. Шундан кейингина сунъий интеллект тизими китоб матнини яратади. Унинг романларидан бири ҳатто Amazon платформасидаги энг кўп сотилган 100 та китоб қаторига кирган.

Ҳартнинг ўз ҳисоб-китобларига кўра, у электрон, босма ва аудиокитоб форматларида жами бир миллиондан ортиқ нусха сотган. Жорий йилнинг ўзида эса унинг даромади 1 миллион доллардан ошган. Бу тахминан 11 миллиард 947 миллион ўзбек сўмига тенг.

Шунга қарамай, ёзувчи сунъий интеллектдан фойдаланиш усули сабабли танқид ва таҳдидларга дуч келмоқда. У эса технология ёрдамида китоб ёзиш ёндашувини ҳимоя қилишда давом этмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends