Ер ва кўчмас мулк ижарасида янги қоидалар жорий этилади

Local

image

Ўзбекистонда ижара муносабатларини такомиллаштириш, жумладан, ижарага олинган ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш ва тадбиркорлик фаолияти учун “тижорат ижараси” тоифасини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 27 август куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.

Ҳужжатга кўра, мазкур йўналишда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак. Лойиҳани жорий йил октябрига қадар тайёрлаш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига юклатилган.

Қонун лойиҳасида ижарага олинган ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқини жорий этиш, шунингдек, аукцион орқали ижарага олинган ерларни бошқа тадбиркорларга иккиламчи ижарага бериш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, кўчма савдо объектларини жойлаштиришга рухсат бериш тартиби белгиланиши режалаштирилган.

Тадбиркорлик фаолияти учун кўчмас мулк ижараси бўйича “тижорат ижараси” тоифаси жорий этилади. Унинг тавсия этиладиган намунавий шартномаси ҳам ишлаб чиқилади.

Шунингдек, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган ижара шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш талаби бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бунда шартномаларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби сақлаб қолинади ва ijara.soliq.uz ҳамда кадастр ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали автоматик ҳисобга олиш йўлга қўйилади.

Ҳужжатда шартнома амал қилаётган даврда ижара ҳақини ўзгартириш масаласи ҳам тартибга солинади. Бунда ижара ҳақи томонларнинг келишуви ёки шартномада белгиланган индексация механизми асосида ўзгартирилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ижарага берилган объект сотилган тақдирда, янги мулкдор амалдаги тижорат ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини автоматик равишда қабул қилиши белгиланади.

Ижарачи томонидан объектга киритилган инвестицияларни қоплашнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш ҳам қонун лойиҳасининг асосий йўналишларидан бири бўлади.

Шунингдек, жисмоний шахс ўзига тегишли кўчмас мулкни ўзига тегишли юридик шахсга ижарага берган ҳолатда ижара тўловининг минимал миқдори қўлланилмаслиги белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар учун айрим имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилиши хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic