Янги Зеландияда 50 га яқин кит қирғоққа чиқиб қолди
World
−
09:19 1006 2 minutes
Янги Зеландиянинг Шимолий ороли соҳилида 50 га яқин узун сузгичли қора кит (pilot whale) қирғоққа чиқиб қолди. Улардан аксарияти нобуд бўлган, тирик қолганларини эса яна денгизга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда “Japan Today” хабар берди.
Қайд этилишича, китлар Шимолий оролнинг энг жанубий нуқтаси – Кейп Паллисер яқинидаги Нгави соҳилида топилган. Қирғоққа чиққан китлар сони камида 20 тани ташкил этган. Бироқ маҳаллий аҳоли “Radio New Zealand” нашрига берган маълумотида тун давомида қирғоқда 50 тагача кит қолиб кетганини билдирган.
Қутқарув ишлари маҳаллий маори қабиласи ва китларни қутқаришга ихтисослашган Project Jonah ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳозиргача иккита китни яна денгизга қайтаришга муваффақ бўлинган.
Қутқарувчилар тирик қолган китларни сув билан таъминлаш ва уларнинг аҳволини барқарорлаштириш учун челакларда сув сепиб, нам сочиқлардан фойдаланмоқда. Project Jonah ташкилотининг кеча, 5 ноябрь куни Facebook’даги хабарига кўра, ўша вақтда тўртта кит тирик қолган бўлиб, уларни сув кўтарилиши пайтида денгизга қайтариш режалаштирилган.
Маҳаллий аҳоли вакили Роб Баргнинг айтишича, тирик қолган китларнинг ҳам аҳволи оғир бўлган.
Маълумот учун, Янги Зеландия ва унга қўшни Австралия қирғоқларида китларнинг оммавий равишда қуруқликка чиқиб қолиши тез-тез учрайди. Бунга икки мамлакат атрофидаги чуқур океанларда узун сузгичли қора китларнинг катта популяцияси яшаши сабаб сифатида кўрсатилади. Бироқ китларнинг нима сабабдан қирғоққа чиқиб қолиши ҳозиргача аниқ маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасидаги Вирунга миллий боғида сўнгги бир ой ичида 28 та бегемот куйдирги касаллигидан нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All