Ўзбекистондаги илк пулли йўл нархи маълум бўлди
Local
−
20:17 5839 2 minutes
Урганчдан Хивага олиб борувчи Ўзбекистондаги илк пулли автомобиль йўли трасса учун йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот котиби Нилуфар Жумаева маълум қилди.
Маълум бўлишича, енгил автомобиллар учун Хивадан Урганчгача ва орқага тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, “Туркманли” маҳалласидан Хивагача узунлиги 28 км бўлган қисқа йўналиш нархи 20 минг сўм этиб белгиланган.
Нилуфар Жумаеванинг билдиришича, йўл ҳақини тўлаш тизими ҳозирда синов режимида ишламоқда ва 25 августдан тўлиқ ишга тушади. Сайтга кўра, оғирлиги 3,5 тоннагача бўлган енгил юк автомобиллари (Н1), 8 нафардан ортиқ йўловчига мўлжалланган автобуслар (М2/М3) ва оғирлиги 3,5-12 тонна бўлган ўрта юк автомобиллари (Н2) учун тўлиқ йўналиш нархи 40 минг сўм, қисқа йўналиш эса 25 минг сўм этиб белгиланган.

Қайд этилганидек, айни пайтда Урганч-Хива пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш учун тўлов сайти синов режимида ишламоқда. Шу боисдан, сайт расман иш бошлагандан кейин нархларда катта бўлмаган ўзгариш бўлади.
Маълумот учун, ушбу лойиҳа доирасида 35 километр автомобиль йўли, 1 та ерости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилган. Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг янги “Урганч – Хива” пуллик автомобиль йўли билан танишганди.