Тобланган сўз, улғайган медиа – QALAMPIR.UZ 11 ёшда!

Local

−

image

Бугун 11 ёшдаман! Бугун QALAMPIR.UZ 11 ёшда!

Бундан 11 йил олдин барчаси шунчаки бир ғоя, катта мақсад ва қатъиятдан бошланган эди. Бугун ортга қараб, босиб ўтилган ҳар бир машаққатли ва шарафли йўлни мамнуният ва розилик билан эслайман.

Ҳаммаси хаёлдан бошланади, биз хаёл қилдик ва шу кунларга келдик. Бугун Ўзбекистоннинг энг Топ медиаларидан биримиз. Албатта, бу фахр ва масъулият!

Кичик бир лойиҳадан мамлакатнинг энг нуфузли ва ишончли ахборот платформаларидан бирига айланиш ортида тун-у кун қилинган меҳнат, жамоамизнинг фидойилиги ва энг муҳими – Сиз, азиз кузатувчиларимизнинг чексиз ишончи турибди.

Хотиралар яшайди, яшатади!

2015 йил, январь. Ғоя туғилди, унга QALAMPIR деб ном бердик, илк ҳаракатлар бошланди. Жамғарган сармоямизни тўғри ва натижали сарфлашимиз, хато қилмаслигимиз керак эди. QALAMPIR логотипини ясатдик. Ўша вақтда фотограф Бекзод Мирсодиқов ёрдамга шошди. Мамлакатнинг энг таниқли шахсларини тўпладик, улар иштрокида ижтимоий тармоқлар учун фотосессиялар қилинди. Ҳаммаси бепул, беминнат.

Апрель. Ижтимоий тармоқларда машҳурлар саҳифасида QALAMPIR ёрлиғи билан суратлар пайдо бўлди. Илк қўлловлар, илк мазахлар, илк ҳаяжонлар... Қайтмадик, чарчамадик, собит қолдик.

2015 йил, 11 ноябрь. Ўша кун келди. 14 кв. метрдан иборат кичик хона, иккита компьютер, қопқоғи йўқ электр чойнак, 56 минг сўмга олинган WiFi аппарати... Орзулар катта эди.

Биринчи контент-менежеримиз Мириноғом Исхоқов билан хаёлларда осмонда учардик. Шу куни QALAMPIR тор техник имкониятлар билан ишга тушди. Қийин кечди, старт берилганидан кўп ўтмай, техник носозликларга учрадик. Бирин-кетин енгиб ўтишни ўргандик, бизга ҳам янги тажриба эди бу. Синовларда тобландик, ҳамон синовдамиз.
Биз билан бу йўлга кирган, мақсадларимизга ишонган, орзу қила олганлар кўп бўлди.

Адиз Аҳмедов, Алишер Рўзиохунов (марҳум) каби иқтидорли йигитлар медиадаги илк фаолиятини биз билан бошлади. Дурдона Расулова, Умида Якубова, Соҳиба Мамадиёровани QALAMPIR ҳали ҳеч нарсага эришмаган даврлардаёқ ёнимизда турган тажрибали журналистлар сифатида ёдга оламиз. Баҳодир Аҳмедов, Зафарбек Солижонов билан ҳам йўлларимиз туташди, QALAMPIR уларни, улар QALAMPIR’ни тўлдирди.

Бобур Жалолов, Муҳайё Саидова, Суннатилла Абдуллаев, Алибек Бейжанов сингари Бош муҳаррирлар QALAMPIR’нинг шаклланиш ва ривожланиш тарихида муносиб из қолдирдилар.

Фаолиятнинг ташкилий тузилмасида продюсер Дилноза Аҳмедованинг роли беқиёс эди, у тартиб ўрнатди. Кейин бу вазифани Иброҳим Эрнепесов масъулият билан бажарди.

Феруза Нажмиддинова, Ҳулкар Муртазоева, Шаҳзод Шукуров, Умиджон Нозимжонов каби журналистлар фахрланишга арзигулик материалларга муаллифлик қилди. Юзлаб одамларнинг муаммолари улар сабабли ечилди. Журналистика осмонида мустаҳкам парвоз учун ҳақиқий қанотни QALAMPIR’да чиқардилар. Ҳатто, устоз журналист Нозима Воҳидова ҳам интернет-медиага қадамларини айнан QALAMPIR билан қўйганларини алоҳида эътироф этадилар, лекин биз уларга ўргатганларимиз олдида улардан ўрганганларимизни кўп, деб ҳисоблаймиз.

Фаррух Муродқулов, Асадбек Комилов, Тоир Обидов, Абдураҳмон Эргашев, Сардор Али Нурматов, Нозима Назирова каби ёшлар ҳам QALAMPIR’нинг қатъиятидан руҳланган инсонларидан, десак муболаға бўлмайди. Улар ўқувчилар эътиборига сазовор бўлган кўплаб хабарлар, таҳлиллар, кўрсатувларга муаллифлик қилди, журналистика соҳасида илк қадамларини QALAMPIR билан бошлади.

Медиа маҳсулотлар бўлимимиз ҳамиша қувноқ. Катта имкониятларимиз йўқ пайтлардаёқ бизга ишониб йўлга чиққан ва энг яхши дастурларнинг тасвирга олинишига бошчилик қилган Зоҳир Собиров раҳбарлигидаги жамоа ва Ўзбекистондаги, адашмасак ягона аёл монтаж устаси Нозима Шамсутдиновани миннатдорлик билан эслаймиз. Достон Абдуллаев, Умид Собиров, Иззатилла Қорабоев иштирокидаги учлик нафақат профессионал оператор ва монтаж усталари, балки жамоанинг позитив руҳи эди.

Ҳеч кимни унутмадимми? Кимки номини қидирган-у тополмаган бўлса, айбга йўйманг, номингиз эсланмаган бўлса-да, меҳнатларингиз унутилмаган.

11 йилда сўзимиз тобланди, ўзимиз улғайдик. Бу жараёнда ҳозир биз билан бўлган ва ҳамон ёнимиздагилардан миннатдормиз.

Меҳнатларимиз зое кетмаяпти. Бугун бизни нафақат Ўзбекистондан, балки дунёнинг турли чеккаларидан кузатишяпти. Сайтимизга ойига 10 миллиондан кўп ташриф амалга оширилади. Instagram’даги ҳамроҳларимиз 4,5 миллиондан ошган. YouTube’да аллақачон 1,7 миллионлик оиламиз бор. Facebook’да 300 мингдан ортиқ, Telegram’даги барча каналларимизда 350 мингга яқин кузатувчи бизни танлаган. Биз, миллионлаб ўқувчилар армиясини бирлаштирган катта оилага айландик. Ҳар бир ўқилган хабар, мақола, таҳлил, ҳар бир муносабат ва ҳар бир изоҳингиз бизни янада ўсишга, ҳаққоний ва тезкор ахборот етказишга ундайди.

Биз билан бирга бўлганингиз, ҳар куни бизни танлаганингиз ва энг қийин паллаларда ҳам қўллаганингиз учун юракдан миннатдорман! Яхшиям борсиз, яхшиям биз билан биргасиз!  

Қамариддин Шайхов,
QALAMPIR.UZ асосчиси


Tags

Rate Count

0

Rating

5

Rate this article

Share with your friends