Сенат Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонунни маъқуллади
Local
−
09:39 3239 2 minutes
Кеча, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида Сенат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ваколатларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни маъқуллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Қонунда Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳамда алоқалари ҳуқуқий тартибга солинмоқда.
Маълум қилинишича, қонунни тайёрлаш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳамда таҳлил қилинган. Қонунни маъқуллаш жараёнлари Сенатнинг расмий интернет платформалари орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилган.
Сенаторларнинг фикрича, Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 август куни мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган ва қабул қилинганди.
Live
All