Президент ёқилғи нархини назорат қилишни буюрди

Local

image

Ўзбекистонда нефть-газ ресурсларини асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида мутасаддиларга топшириқ берди.

Қайд этилишича, мамлакатда саноат қувватлари кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётгани табиий газ ва нефть маҳсулотларига талабни оширмоқда. Бундай шароитда ички бозорни зарур ресурслар билан барқарор таъминлаш, мавсумий эҳтиёжларни олдиндан ҳисобга олиш ва нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.

Тақдимотда нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолати кўриб чиқилган. Тармоқлар ва ҳудудлар эҳтиёжини аниқ ҳисоб-китоб қилиш, ички талабни устувор таъминлаш ва етказиб бериш графикларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланган.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида табиий газ қазиб чиқариш суръатларини барқарор сақлаш, мавжуд конлар имкониятидан самарали фойдаланиш ва янги қудуқларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинган.

Август ойида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган. “Янги Култак”, “Ниёз”, “Қоратау”, “Марварид” ва “Тегирмон” конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилади.

Қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ узатиш тармоғига улашгача бўлган жараёнларни кунлик назоратга олиш, электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳимлиги таъкидланган.

Нефть ва газни қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан бир маромда таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Углеводород ресурсларини ҳудудларга ўз вақтида ва етарли ҳажмда етказиб бериш, зарур захираларни олдиндан шакллантириш ҳамда ишлаб чиқарувчи, ташувчи ва сотувчи корхоналар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Нархлар барқарорлигини сақлаш учун бозорда етарли таклифни таъминлаш, маҳсулотларни биржа савдоларига талабдан келиб чиқиб чиқариш, ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш муҳимлиги таъкидланган. Ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш топширилган.

Ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш, углеводород ресурслари таъминотида узилишларга ҳамда нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилган. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш топширилган.

Мутасаддиларга ички бозор эҳтиёжини кунлик таҳлил қилиб бориш, таъминот билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш бўйича кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлигига тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, соҳа корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш вазифаларини юклаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends