Президент айтмагунича уйғонмайдиган амалдорлар ва фош бўлган сохта ҳисоботлар

Local

Reklama
0:00

Президент ўзи гўшт сотиб олмайди, нарх-навони билмайди деб ўйлайсизми? Йўқ, адашасиз. Шавкат Мирзиёев қисқа вақт ичида гўштнинг нархи 8 фоизгача қимматлаганини ҳам, бунинг олдини олиши керак бўлган масъуллар ва ҳокимлар ўз ишини қойиллатмаганини ҳам жуда яхши билади. Шу сабаб уларни кескин танқид қилди.

Тадбиркорлар кўчада сарсон, “жаримакаш” раҳбарлар эса уларни эзиш билан банд. Бундай амалдорларнинг онги ва дунёқараши ўзгариши керак.

Амалдорларнинг ёлғон ва бўрттирилган ҳисоботлари фош бўлди. Қоғоздаги рақамлар билан ҳаётдаги сонлар умуман бошқа. Бунинг натижаси оддий аҳоли ҳаётига қандай таъсир қилган?

Президент 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни буюрди. Ҳайдалиш куйини кимлар чалиши мумкин?

“Uzbekistan Airways” рақобатчи йўқлиги, иш тўғри ташкил қилинмагани учун 120 миллион доллар йўқотяпти. Энди нима бўлади?

Чет элларда элчи мақомида шунчаки “сайр қилиб юрган”лар ишдан ҳайдалади. Бу бўйича Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага муҳим топшириқ берилди. Яқин дақиқалар давомида мана шу мавзуларни муҳокама қиламиз.

Президент айтмагунича айримлар субсидиядан ҳам фойдаланмайди, гўшт ҳам арзонламайди! Ўзбекистонда яна ўша эски ва таниш манзара. Халқ бозор-ўчар қилиб нарх-наводан нолишни бошлаган, масъуллар эса муаммони кўрмаганга олиб, то Президент видеоселектор йиғилиши ўтказгунича “қишки уйқу”да ётишда давом этади. Хўш, мамлакатда гўшт нархини халққа қулай даражада ушлаб туриш учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ ва қатор имтиёзлар бериб қўйилган бир пайтда, ҳудудий раҳбарлар нима билан банд? 

Апрель-июнь ойларида Ўзбекистонда гўшт нархи кутилмаганда 6-8 фоизга сакради, қимматлади. Январь-июнь ойларида инфляцияни 3 фоиздан оширмаслик бўйича вилоят ҳокимларининг олдига Президент томонидан аниқ вазифа қўйилган эди. Аммо амалда Сирдарё вилоятидан ташқари бирорта ҳам ҳудуд ушбу топшириқнинг уддасидан чиқа олмади.

Аслида, вазият бундай тузалмас тус олишининг олдини олиш мумкин эди. Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 7 апрелида Президентнинг “Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, 1 апрелдан 1 августга қадар тадбиркорларга мол ва қўй гўштини ҳаво транспортида импорт қилиш харажатларининг 50 фоизи, ҳар бир килограмми учун 0,8 долларгача, аниқроқ айтганда 9600 сўмгача давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланган. Ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўм ажратилганди.

Аммо шундай тайёр имконият ва субсидиядан фақат пойтахт ва Тошкент вилояти тадбиркорлари фойдаланган, холос. Улар 1 300 тонна гўшт олиб келишди.

Қолган вилоят ҳокимлари ва мутасаддилари эса республика бюджетидан пул ажратилиб, самолётлар тайёр турганда ҳам лом-лим демай, ташаббус кўрсатмай, томошабин бўлиб ўтиришни афзал кўришди. Давлат раҳбари 21 июль куни ўтказилган жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу лоқайдликни кескин танқид қилди.

Йиғилишда чорвачиликдаги яна бир “ширин ёлғонлар”га тўла ҳақиқат юзага чиқди. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари шуни кўрсатдики, илгари ҳисобот сифатида берилган рақамларга нисбатан амалда қорамоллар сони 2,1 миллион бошга, қўй ва эчкилар сони эса 1,5 миллион бошга кам чиққан!

Масалан, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида қорамоллар 171 мингга, қўй-эчкилар 288 минг бошга камлиги маълум бўлди. Бу дегани – биргина вилоятнинг сохта ҳисоботлари сабабли бозорга 50 минг тонна гўшт ва 120 миллион литр сут кириб келмайди. Қоғозда чорва “боқиб”, амалда халқни гўштга зор қилган раҳбарларнинг “маҳорати”га қойил қолмай илож йўқ.

Вазият яхши эмас. Топшириқ берилаётганда блокнотдан кўзини узмай, нимадирлар ёзиб ўтирадиган, “бажарамиз” деб қуюққина ваъда берадиган раҳбарлар, амалда яхши ишлай олмаганидан кейин соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун давлат раҳбари янги чораларни эълон қилди. Май ойида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратилган 1 триллион сўмга қўшимча равишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан яна 50 миллион доллар йўналтириладиган бўлди.

Энди чорва комплекслари учун 5 миллиард сўмгача, наслли қорамолчилик учун эса 20 миллиард сўмгача 10 фоизли имтиёзли кредитлар 10 йил муддатга берилади. Қолаверса, импорт гўштни самолётда ташиш бўйича белгиланган имтиёз муддати йил якунигача узайтирилди. Вазифа ҳам аниқ: йил охиригача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш шарт. Бунда ҳам имтиёз бор. Жорий йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан ҳаво транспорти орқали импорт қилинган наслдор қорамол қийматининг 10 фоизи, бироқ ҳар бир бош қорамол учун 4 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидия берилади.

Самолётда гўшт ташиш ҳақида гапиряпмиз-у, лекин ушбу юкларни ташийдиган ва Ўзбекистон осмонида қисман рақобатчилари бордек кўринадиган, аммо айрим жиҳатларга қараб “монополия” атамасини эслаб юборишга мажбур қиладиган “Uzbekistan Airways”нинг аҳволи ҳам мақтарли даражада эмас.

Президент йиғилишида АҚШнинг машҳур “Franklin Templeton” инвестиция компанияси IPO’га чиқиши, яъни ўз акцияларини очиқ савдога қўйиши керак бўлган 13 та йирик давлат компаниясини таҳлил қилиб бергани қайд этилди. 

Натижалар эса ачинарли: биргина “Uzbekistan Airways” мисолида маршрутлар оптимал танланмагани, рейслар ораси узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, йўловчиларга таом етказиш ҳамда самолётларга техник хизмат кўрсатишда софлик ва рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромад бой берилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ҳа, 120 млн доллар. Ваҳоланки, тўғри менежмент орқали “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг бозор қийматини бемалол 40 фоизга ошириш имконияти бор.

Кўпчиликда табиий савол туғилгандир: Давлат компанияси IPO’га чиқиши оддий халққа нима беради? IPO – бу компания ўз акцияларини очиқ биржага олиб чиқиб, ҳар қандай фуқаро ёки инвесторга сотиш жараёнидир. Компания IPO’га чиқса биринчи ўринда, молия шаффофлашади. Яширин битимлар, ортиқча харажатлар ва коррупцияга чек қўйилади. Хизмат сифати ошади. Рақобат ва инвесторлар талаби сабаб рейслар кечикиши камаяди, хизмат кўрсатиш яхшиланади. Давлат чўнтагига қарамлик тугайди. Компания бюджетдан эмас, биржадан маблағ жалб қилиб, ўзини ўзи тебрата бошлайди. Эҳтимол, “Uzbekistan Airways” ўз йўналишларини тўғри шакллантириб, авиация бозоридаги 120 миллион долларлик йўқотишларнинг олдини олганида, бугун нафақат йўловчилар, балки ўша самолётда ташилаётган гўшт ҳам арзонроқ ва тезроқ манзилларга етиб борган бўлармиди?

Йиғилишда миллий брендлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тақдири ҳам жиддий муҳокама қилинди. Сўнгги икки йилда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш учун давлат ажратган 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам эвазига ўз брендини рўйхатдан ўтказган 309 та корхона пайдо бўлган. Лекин бу хурсандчилик ҳам кўпга чўзилмади – уларнинг учдан бир қисми ҳалигача экспорт нималигини билмай, ички бозорда “ўз ёғида ўзи қовурилиб” ётибди. Шу боис, Давлат раҳбари мутасаддиларга икки ҳафта муддатда маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Жорий йилнинг 26 майида қабул қилинган 100-сонли Президент Фармони билан тадбиркорларга анчагина енгилликлар ва имкониятлар эшиги очиб берилган эди. Солиқ ҳисоботларини топшириш ва ортиқча тўланган солиқларни қайтариш жараёнлари тезлаштирилди ҳамда автоматлаштирилди. ҚҚС ва даромад солиғига ўтиш чегараси 5 млрд сўмгача оширилди ва ҳоказо.

Лекин жойлардаги ҳокимлар ва айрим раҳбарлар бу тадбиркорларга ёрдам бериш у ёқда турсин, муаммоси ҳақида очиқ гапириб, арз қилган бизнес эгаларини текшириш ва жаримага тортиш каби ишлар билан банд бўляпти. Ана шундай “жаримакаш” раҳбарларнинг онги ва дунёқараши ўзгариши керак. Бу менинг гапим эмас, Президентнинг гапи.

Энг қизиқ жойи – тадбиркорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши керак бўлган Бизнес-омбудсман амалда у қадар фаол эмас. Айрим ҳолларда ҳатто шунчаки томошабин бўлиб қолганга ҳам кўпчилик гувоҳ бўлган. Тадбиркорлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида гап борганида деярли бир хил камчиликлар танқид қилинишига қарамай, хулоса чиқарадиганлар камдек. Тадбиркорлар муаммолари билан кўчада сарсон бўлиб юрибди. Уларнинг ҳал қилиш мумкин бўлган оддий муаммолари Президент Администрацияси раҳбари, ҳатто Президентгача етиб бораётган бир пайтда, нима учун ҳудудий ҳокимлар ўз туман ва вилоятидаги бизнесменларнинг дардини кўрмайди? Одамлар орасидаги муаммоларни улар билан бир муҳитда юрмайдиган, машҳур ибора билан айтганда “оёғи ердан узилганлар”гина билмаслиги мумкин. Шу сабаб Президент 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни буюрди.

Президент йиғилишда барча мутасаддилар учун ҳам энг асосий огоҳлантиришни берди. Ҳозирги шароитда ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари хотиржам ишлашга ҳақли эмас!

Ҳокимлар ва маҳаллий масъулларнинг фаолиятсизлиги етмагандай, Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва элчилари ҳам улардан қолишмаётгани маълум бўлди. Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги йилларда олий даражадаги 52 та ташриф доирасида 213 миллиард долларлик 1 минг 617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган. Қоғозда рақамлар ҳайратланарли! Лекин амалда бу лойиҳалар ижросини назорат қилиш ва инвестицияни реалликка айлантиришда элчиларимиз ва мутасаддилар томонидан сусткашликларга йўл қўйилмоқда.

Президент хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти бўйича ҳам эътирозлар жуда кўплигини очиқ-ойдин билдирди. Масалан, Беларусдаги элчи инвестиция ва ташқи савдо масалаларига шунчаки бефарқ қарагани учун лавозимидан олингани маълум қилинди. Франция, Австрия, Испания, Италия, Уммон, Индонезия, Малайзия ва Сингапурдаги элчиларнинг фаолияти ҳам етарли даражада кўринмаётгани қайд этилди.

Шу сабабли, эндиликда барча “йўл хариталари” Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қатъий назорат қилинадиган бўлди. Бош вазирга эса ҳар ҳафта тармоқ раҳбари, ҳокимлар ва элчилар билан бирга ҳар бир лойиҳани “давлатлар ва лойиҳалар кесимида” ипидан-игнасигача муҳокама қилиш вазифаси юклатилди.

Энг муҳим ўзгариш эса – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага махсус комиссия тузиб, иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт бўйича барча дипломатик ваколатхоналар ишини тубдан таҳлил қилиш топширилди. Энди ўз вазифасини уддалай олмай, чет элда шунчаки “сайр қилиб юрган” элчиларни ёш, замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар киритилади. Кўриниб турибдики, энди нафақат вилоят ҳокимликларида, балки хориждаги ҳашаматли элчихоналарда ҳам “кадрлар тозалови” ва катта уйғониш даври бошланади. 

Хулоса қилиб айтганда, чорва моллари сонидан тортиб авиация бой берган миллионларга, брендлар тақдиридан тадбиркорларнинг ҳасратигача – барча муаммоларни яна Президентнинг ўзи кўтариб, ўзи ечим беришига тўғри келяпти. Ҳоким ва бошқа масъулларга эса биргина савол берамиз: Қачонгача тайёр кўрсатиб берган йўлдан юришга ҳам эринасиз?


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends