ОТМларда “Даволаш иши” йўналиши тугатилиши мумкин

Local

image

Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларида 2027/2028 ўқув йилидан “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда, аввало, тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чоралари кўриб чиқилган. Таклифлар Кембриж, Пенсильвания ва Гарвард университетлари тавсиялари асосида, халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган.

Эндиликда тиббиёт олийгоҳларига қабул параметрлари ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг реал эҳтиёжи, кадрлар етишмовчилиги асосида шакллантирилади. Давлат буюртмаси йўналишлар кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2027/2028 ўқув йилидан “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Беш йиллик таълимдан кейин талабалар бир йил тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар оилавий шифокор сифатида ишлаш имкониятига эга бўлади.

Оилавий тиббиёт бўйича кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Резидентларнинг оилавий поликлиникаларда бир вақтнинг ўзида ўқиши ва амалиёт ўташи йўлга қўйилади. Тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш эса босқичма-босқич резидентурага ўтказилиб, магистратура асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга йўналтирилади. 

Ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашда ҳам янгича ёндашувлар жорий этилади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ташхис, даволаш ва профилактика жараёнларида шифокорга яқин кўмакчи сифатидаги ўрни оширилади.

Фармацевтика таълими ишлаб чиқариш билан янада яқин боғланади. Корхоналар эҳтиёжи асосида дуал таълим кенгайтирилиб, амалий машғулотлар улушини ошириш, талабаларни дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб, сифат назорати ва стандартлаштиришгача бўлган жараёнларга жалб қилиш белгиланмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic