Навоий вилоятининг собиқ ҳокими вафот этди
−
11:36 2815 2 minutes
Давлат ва жамоат арбоби, Навоий вилоятининг собиқ ҳокими, меҳнат фахрийси Баҳриддин Муртазоевич Рўзиев бугун, 11 ноябрь куни 76 ёшда вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, Баҳриддин Рўзиев 1950 йил 23 августда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг меҳнат фаолиятини Кармана тумани йўл қурилиши бирлашмасида авточилангар сифатида бошлаган. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, Тошкент политехника институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Кейинчалик Москва ижтимоий фанлар академиясида ўқиган.
Баҳриддин Рўзиев Навоий вилоятида кўп йиллар давомида ёшлар ташкилотлари ва турли бошқарув идораларида масъул вазифаларда ишлаб, ўзини тиришқоқ ва жонкуяр раҳбар сифатида намоён этган.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда у Навоий вилояти газлаштириш бошқармаси бошлиғи, ҳудудий коммунал фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, Конимех тумани ҳокими каби лавозимларда меҳнат қилган.
Баҳриддин Рўзиев 2002 йилда Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланган. Мураккаб ўтиш даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларини кенгайтириш, иқтисодиётга инвестициялар жалб этиш, фермерлик ҳаракатини шакллантириш, воҳанинг экспорт имкониятларини ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида жонбозлик кўрсатган.
Айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил қилиш, Навоий халқаро аэропорти негизида халқаро логистика марказини барпо этиш ишларида сидқидилдан фидокорона меҳнат қилган.
“Янги Ўзбекистон шароитида фахрийлар ташкилотининг аъзоси сифатида ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш, ёш иқтидорли кадрларни тарбиялаш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида камол топтиришга қаратилган тадбирларда, жамоат ишларида фаол иштирок этди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Баҳриддин Рўзиевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.
Live
All