Наркожиноятларга қарши курашиш масаласини ўз назоратимга олдим – Саида Мирзиёева (видео)
Local
−
15 June 3191 2 minutes
Наркожиноятчиликка қарши кураш масаласини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз назоратига олди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Аввалроқ, маълум қилинганидек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига гиёхвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинганди. Унга кўра, эндиликда яширин нарколабораториялар, бангихоналар ташкил этиш, наркожиноятларга ҳомийлик қилиш, наркотикларни трансмиллий усулда ёки интернет ёрдамида тарқатиш каби ўта хавфли қилмишлар учун олдин қонунчиликда бўлмаган янги жавобгарлик белгиланди.
Саида Мирзиёеванинг билдиришича, қонун билан бу каби жиноятларга қўл урган фуқароларга 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиб, уюшган наркожиноятчилик учун эса, жазо чоралари қарийб икки баравар оғирлаштирилган.
“Олдин наркожиноятларни содир этган шахслар қисқа вақтларда озодликка чиқиб, ўз жиноий қилмишларини давом эттириб юраверган. Энди бундай бўлмайди. Янги қонунга кўра, наркожиноятларни содир этган шахслар муддатидан олдин озодликка чиқарилмайди, яъни улар жазони тўлиқ ўтайди”, деган Администрация раҳбари.
Қайд этилишича, энди вояга етмаганларни наркотик истеъмол қилишга ундаш оғир жиноят сифатида баҳоланиб, 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси қўлланилади. Таълим муассасалари, мактаблар, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида вояга етмаганларни наркожиноятларга жалб қилганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
“Бу ҳужжат фақат жиноятчиларни жазолаш учун эмас, балки халқимиз саломатлиги ва генофондини ҳимоя қилиш, ёшларимизни фожиали йўлдан асраб қолишга қаратилган қонундир”, деб таъкидлаган Мирзиёева.
Шунингдек, бу масалани Саида Мирзиёева шахсан ўз назоратига олганини ва давлат наркожиноятларга қарши қақшатқич кураш эълон қилганини айтиб, ота-оналарга мурожаат қилган.
“Бугун Президент администрацияси қошида наркотикларга қарши республика махсус ишчи гуруҳи фаол ишлаяпти. Нарколабораториялар, уюшган наркожиноий гуруҳлар йўқ қилинмоқда, лекин ушбу кураш сизнинг ёрдамингизсиз бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бирингизни фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлмасликка, ушбу курашда давлатга ёрдамчи ва таянч бўлишга чақириб қоламан. Зеро, болаларимиз келажаги – бу миллатимиз келажагидир. Ушбу бало ҳеч бир оилага зарар келтирмасин”, деган Президент Администрацияси раҳбари.
Live
All