Мўъжиза юз бермади: Путиннинг партияси расман ғалаба қозонди
Review
−
26 September 1291 7 minutes
Уруш қилаётган давлатларда сайловлар бўлмайди деб ким айтди? Мана Россияга боқинг, номига – мухолифатларсиз ва интригаларсиз бўлса-да давлат Думаси учун сайловлар бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Россияда Давлат думаси депутатларининг 3 кунлик сайлови ўтказилди. Гарчи натижалар урушга қарши “Яблоко” партияси ўйиндан чиқарилгач аниқ бўлиб улгурган бўлса-да, сайловлар атрофида юз берган воқеалар алоҳида эътиборга лойиқ. Путин партиясининг сўзсиз ғалабаси ва овоз бериш жараёнларида олиб борилган “Единая Россия” партиясининг ўзига хос “ташвиқот ишлари” тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу мақолада Путин партиясининг навбатдаги ғалабаси ортидан урилган рекордлар ва сайловнинг “кутилмаган” натижаларига Ғарбнинг муносабати ҳақида гаплашамиз.
Дума қандай шаклланди?
Сайловлар якунланди. Ким ҳам ўйлабди дейсиз, бу гал ҳам Путин партияси ғалаба қозонди, қозонганда ҳам ўз тарихидаги энг катта кўрсаткичлар билан бошқа рақибларини буткул мағлуб этди. Умумий овозларнинг 95,18 фоизи санаб чиқилгандан сўнг партия 57,83 фоиз овоз билан етакчилик қилаётгани маълум бўлди. Ундан кейинги ўринларда Коммунистик партия 13,6 фоиз, Россия Либерал-демократик партияси 8,97 фоиз, “Новые люди” 7,91 фоиз, “Справедливая Россия” эса 5,22 фоиз билан кучли бешликни банд қилиб турибди. Россия Думаси 450 депутатдан иборат бўлиб, унинг 225 ўрни пропорционал тизим асосида, яна 225 таси бир мандатли округлар орқали яъни мажоритар тизим асосида тақсимланади. Содда қилиб айтганда, сайловчиларга Ўзбекистонда бўлгани каби 2 та бюллетень берилади. Ҳар бир шахс уларнинг бирида сиёсий партияга, иккинчисида ўз ҳудудидан номзоди қўйилган аниқ бир шахсга овоз бериши лозим. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда 25 йилдан бери Россия сиёсатида ҳукмронлик қилиб келаётган “Единая Россия” партияси умумий ўринларнинг 355 тасини эгалламоқда. Бу партия тарихидаги мутлақ рекорд сифатида қайд этилди. Қолган партиялар, жумладан, Коммунистлар 40 та, Жириновскийнинг Либерал демократлар партияси 25 та ва “Янги одамлар” 20 та ўринга эга бўлади. Ушбу сайловлар 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганидан бери ўтказилган биринчи парламент сайлови бўлди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, овоз бериш жараёни илк бор Москва томонидан эгаллаб олинган Украинанинг 4 та вилояти: Қрим, Донетск, Луганск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари аҳолисини ҳам қамраб олди.
Эсингизда бўлса, 2026 йилнинг 10 август куни Россия Олий суди “Родина” партиясининг даъвосига кўра, “Яблоко” партиясининг федерал рўйхатдаги регистрациясини бекор қилиб, уни бутун мамлакат бўйлаб партиялар рўйхати бўйича сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этганди. Аммо партия номзодларида бир мандатли округлар бўйича сайловда қатнашиш ҳуқуқи сақланиб қолинди. Шунга қарамай, Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилованинг айтишича, Россияда рўйхатдан ўтган ягона урушга қарши партия миллий миқёсда бирорта ҳам ўринга эга бўлмаган. “Яблоко” партиясининг раҳбари Николай Рйбаков натижалар ҳақида фикр билдирар экан, ҳаммаси кутилганидек бўлганини айтди.
“Агар сайлов бюллетенида ўнта партия бўлса ва уларнинг барчаси Путин сиёсатини қўллаб-қувватласа, бошқа қандай натижа бўлиши мумкин?”, деди партияси раиси.
Шунингдек, “Яблоко” ва ҳукумат сиёсатининг айрим жиҳатларини танқид қилган, бироқ Путингга нисбатан ҳар қандай танқиддан қочган Коммунистик партиянинг кўплаб кузатувчилари сайлов участкаларидан қайтариб юборилганини билдирди. Кутилганидек, Россия шаффофлик юзасидан Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) кузатувчиларини ҳам таклиф қилмади. ТИВ илгари ушбу ташкилотни мамлакатни танқид қилгани учун “икки ёқлама стандартлар”да айблаганди. ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Пере Жон Понс эса кузатувчиларни жараёндан четлаштириш тўғрисидаги қарор Россиянинг ташкилот аъзоси сифатидаги мажбуриятларига зид эканини таъкидламоқда.
Россияликларнинг ўзи ҳам натижалардан ажабланмаганини, барчаси одатдагидек бўлганини билдирган.
“Эрталаб мен “Ягона Россия” ғалаба қозонаётганини кўрдим. Бу ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Мен Украинадаги можаронинг тезроқ, иложи бўлса, тинч йўллар билан тугашини кўришни истардим”, деди Москвада яшовчи Татьяна.
Шунингдек, таҳлилчилар ҳам, фуқаролар ҳам сайлов натижалари нимани англатишини билади. Энди ҳукумат вазиятни “олиб борилаётган сиёсат халққа маъқул экан, мана ўзлари айтишди” деб талқин эта олади. Рус халқи урушни якун топишини қанчалик истамасин, овозлар “Ягона Россия”га ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга ҳуқуқ беради. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам натижалар халқнинг умумий қарашларга эга эканлигини, бир бутунлигини белгиси сифатида талқин этмоқда.
“Бу кўрсаткичлар, албатта, Россия жамиятида давлат раҳбари атрофида энг юқори даражадаги консолидациядан далолат беради” деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.
Аммо бу кўзбўямачилик эканлигини, сайловчилар ҳам, сайланганлар ҳам ва халқаро кузатувчилар ҳам сезиб турибди.
Қодировнинг рекорди
Путин партиясининг ғалабаси ортидан Чеченистон президентлиги учун бўлиб ўтган сайловда ҳам аномал кўрсаткичлар қайд этилиб “рекордли тренд” давом эттирилди. Федерация таркибидаги Чеченистоннинг 2007 йилдан бери раҳбари бўлиб келаётган Рамзан Қодиров яна ҳокимиятни ўзида сақлаб қолди, нақд 99,85 фоизлик овоз билан. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилдаги сайловларда у 94,8 фоиз, 2021 йилда эса 99,7 фоиз овоз тўплаган. Бу гал Қодиров ўз рекордини яна ўзи янгилади. Россия Марказий сайлов комиссияси таъкидлашича, Қодиров 99,85 фоиз овоз тўплаб рақибларига ҳеч қандай имкон қолдирмаган. Хабарларга кўра, овоз беришда 831 946 киши иштирок этган. Кузатувчилар ва маҳаллий аҳоли томонидан “техник” яъни фақат процедура талабларини бажариш учун номзод бўлган Қодиров рақиблари – “Адолатли Россия” партиясидан Исмоил Денилханов ва Коммунистик партиядан Холид Накаэв ҳар бири 0,05 фоиз овоз олган. 2025 йилнинг май ойида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашув олдидан у ўз истеъфоси масаласини муҳокама қилмоқчи эканини маълум қилган эди. Буни қарангки, фикрлар ўзгарган кўринади навбатдаги рекордли ғалаба қайд этилди. Қодировнинг сўзларига кўра, Путин унга:
“Биз ҳали ишлашимиз ва яна ишлашимиз керак. Олий Бош қўмондоннинг буйруғини бажаряпман!”, деган Чеченистон раҳбари.
Рамзан Қодиров илгари ҳам бир неча бор истеъфога чиқиш истагини билдирган бўлса-да, у ўз лавозимида қолади ва ҳар сафар янги муддатга номзодини қўйиб келади. 2025 йил декабрда берган интервьюларининг бирида, у бу вазифани бажаришдан чарчаганини айтган эди.
“Аммо мендан сўрасангиз, мен бу ҳокимиятдан ва халққа хизмат қилишдан чарчадим. Менимча, янги кучлар, янги одамлар қизиқарлироқ бўлар эди. Агар бошқалар бўлганида вазият яхшироқ бўлар эди”, деган эди у.
Бироқ унинг истеъфосини ёки Путин, ёки чечен халқи истамаяпти.
Ғарб танқиди
Европа доимо бошқаларнинг ҳаракатларини ҳам ўз ўлчовлари билан ўлчашга одатланган. Ғарб мамлакатлари учун Россиядаги “рекордли ғалабалар” ишониб бўлмас натижадир. Бунда Германия канцлер Фридрих Мерцнинг “Христиан-демократлар иттифоқ” партияси яқинда бўлиб ўтган сайловларда мағлуб бўлганини мисол қилиб келтириш мумкин. Яъни Германияда доим ҳам ҳокимият тепасида турган шахс қўлловчи сиёсий партиянинг ғалабаси кафолатланмаган. Шу жиҳатдан Европанинг Россияда бўлиб ўтган сайловларига муносабати ҳам ўзгача бўлди. Евроиттифоқнинг бош дипломати Кая Каллас Кремль ўзгача фикрловчиларни бўққанини ва халқаро сайлов кузатувчиларини четлаштирганини айтди.
“Россияда демократиянинг фақат парда ортидаги сохта кўринишигина қолди, холос. 18–20 сентябрь кунлари ўтказилган давлат Думаси сайловлари мамлакатда тобора кучайиб бораётган авторитар сиёсий муҳит фонида демократия изчил ва янада чуқурроқ емирилаётганини кўрсатиб берди”, деди у.
Иттифоқ номидан берилган баёнотда Каллас Евроиттифоқ Украинанинг босиб олинган ҳудудларида овоз бериш жараёнини ташкиллаштирган ёки номзод сифатида қатнашган шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишини билдирди. Шунингдек у ушбу натижалар тан олинмаслигини эслатиб ўтди. Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия қўшма баёнотида сайловларни босиб олинган ҳудудларда ўтказиш Украина суверенитети ва БМТ Низомининг “қўпол бузилиши” эканини билдирди. Улар овоз бериш халқаро ҳуқуққа кўра ушбу ҳудудларнинг мақомини ўзгартира олмаслигини таъкидладилар.
“Ушбу сохта сайловлар кенгроқ истило тизимининг бир қисмидир: мажбурлов ва репрессиялар билан қўллаб-қувватланувчи Россия маъмурияти, қонунчилиги, оммавий ахборот воситалари, таълими, тили ва фуқаролигини мажбуран жорий этишдир”, дейилади баёнотда.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ босиб олинган ҳудудлардаги овоз бериш жараёнини нодемократик сайлов деб атаган ва унинг натижаларини тан олмаслигини билдирган эди. Хулоса қилиб айтганда, бўлиб ўтган сайловларда натижалар ўзгармади, ҳокимият эски эгаларида қолаверди.
“Спектакль” эса рус халқига ҳам, халқаро ҳамжамиятга ҳам манзур келмади. Фақатгина Путин ва унинг шериклари учун урушни давом эттиришга янги баҳона топилди холос.
Live
All