Марсда доимий ҳаёт қуриш учун инсоният 3 та тўсиқни енгиши керак – тадқиқот
World
−
08:49 2980 2 minutes
Хитойлик олим Марсда одамларнинг доимий яшашини таъминлаш учун ҳал қилиниши керак бўлган учта асосий вазифани санаб ўтди. Бу ҳақда Хитой Фанлар академияси Шанхай астрономия обсерваторияси кичик илмий ходими Чжан Цзяцзюнь маълум қилди.
Олимнинг билдиришича, Ер ва Марс ўртасидаги алоқа ҳамда космик аппаратлар ҳаракатини аниқ назорат қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Шанхай астрономия обсерваторияси раҳбарлигида ишлаб чиқилган радиоинтерферометрия технологияси қўлланади. У Марсга йўл олган аппаратларнинг ҳаракат траекториясини юқори аниқликда белгилашга ёрдам беради. Ушбу технология Хитойнинг “Тяньвэнь-1” миссияси давомида ҳам синовдан ўтказилган.
Иккинчи вазифа – Марсдан олинган намуналарни Ерга олиб келиш. Инсоният Қизил сайёрага космик аппаратлар юборишни ўзлаштирган бўлса-да, у ердан тупроқ ва бошқа материалларни Ерга қайтариш технологиясини ҳали тўлиқ йўлга қўймаган.
Хитой Марсдан намуналар олиб келишни мақсад қилган “Тяньвэнь-3” миссиясини 2028 йилда учиришни режалаштирмоқда. Намуналарни Ерга етказиш эса тахминан 2031 йилга мўлжалланган.
Учинчи вазифа Марсда инсон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ. Сайёрада ҳарорат жуда паст, радиация даражаси юқори, тортишиш кучи Ердагидан заиф ва атмосфера босими паст. Шунингдек, сув ва кислороддан фойдаланиш имкониятлари чекланган.
Олимнинг фикрича, Марсда узоқ муддат яшаш учун сайёранинг маҳаллий ресурсларидан фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, инсонларни ҳаёт учун зарур воситалар билан таъминлаш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш имкониятларини яратиш керак.
Шунга қарамай, Марс инсониятнинг Ер ва Ой тизимидан ташқаридаги космик маконни ўзлаштиришида муҳим босқич бўлиши мумкин. Олимнинг айтишича, Марсда сийрак атмосфера ва сув музлари мавжуд. Шунингдек, сайёрадаги сутка давомийлиги ва фасллар алмашинуви Ердагига ўхшаш. Бу хусусиятлар уни келажакдаги космик тадқиқотлар учун истиқболли манзилга айлантиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA’нинг Curiosity марсоходи Марсдаги шамол таъсирида шаклланган ғайриоддий қояларни эрталабки табиий ёруғликда суратга олгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All