Қорақалпоғистон “яшил” энергия бўйича минтақа марказларидан бири бўлади – Президент
Local
−
11:42 429 1 minute
Қорақалпоғистон “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилган. Беруний ва Қораўзакда шамол станцияларининг қурилиши ҳисобига «яшил» энергия улуши 23 фоизга етган. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этган. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўп.
Кеча 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилган. Жумладан, Қўнғиротда 2 миллиард 600 миллион долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станциясини қуриш бошланган. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловолтли 3 та подстанция барпо этилади.
2030 йилгача жами қуввати 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, “яшил” энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 мегаваттли энергия сақлаш қуввати яратилади.
Қорақалпоғистон “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.