Истанбулни сув босди: 2 киши ҳалок бўлиб, мактаблар ёпилди (видео)

World

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юз берди. Табиий ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, кўчалар, ерости йўллари ва туннелларни сув босди, юзлаб уйлар ва иш жойларига зарар етди. Шаҳарда бугун, 15 октябрь куни барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида дарслар бекор қилинди. Бу ҳақда “Haberler“ хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 14 октябрь куни Истанбулда кучайган кучли ёмғир шаҳар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган. Кўплаб кўчалар ва йўллар сув остида қолган, автомобиллар ва автобуслар сув ичида қолиб кетган. Айрим ҳудудларда сув ерости йўллари, метро бекатлари, автотураргоҳлар, тураржойлар ва савдо объектларига кирган. Транспорт ҳаракатида жиддий қийинчиликлар юзага келган.

Кучли ёғингарчилик оқибатида биринчи фожиа шаҳарнинг Фотиҳ туманида юз берган. Балат маҳалласидаги Чуқурбўстон боғида сув тўпланган жойдан ўтаётган 14 ёшли болани электр токи урган. Ҳушсиз ҳолатда шифохонага олиб борилган болани шифокорлар қутқара олмаган. Воқеа юзасидан тергов бошланган.

Яна бир киши шаҳарнинг Сариер тумани Аёзоға маҳалласида ҳалок бўлган. Маълум қилинишича, 34 ёшли эркак Деребойу кўчасида сув босган йўлдан ўтишга уринганида сирпаниб йиқилган ва бошини йўлакка урган. Уни атрофдагилар сувдан олиб чиққан. Шифохонага етказилган эркак шифокорлар кўрсатган ёрдамга қарамай вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам тергов бошланган.

Кучли ёмғирдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири Сариер туманидаги Аёзоға маҳалласи бўлган. Кемербургаз кўчаси бўйлаб жойлашган корхоналар сув остида қолган, тунги сменада ишлаётган қарийб 200 нафар ишчи эса сув сатҳи кўтарилиши сабабли биноларни тарк эта олмаган.

Хабар келиб тушгач, ҳудудга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD), ўт ўчириш хизмати, қутқарув гуруҳлари ва бошқа тегишли идоралар ходимлари юборилган. Қутқарувчилар баланд юк машиналари ва микроавтобуслардан фойдаланиб, ишчиларни хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.

Шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам фуқаролар сув ичида қолиб кетган. Мертер метро бекати яқинида айрим одамлар қурилиш техникаси ёрдамида қутқарилган. Баҳчелиевлер туманидаги Тургут Ўзал ерости йўлида эса сув ичида қолган аёл ҳайдовчи махсус техника ёрдамида хавфсиз жойга олиб чиқилган. Айрим ҳудудларда сув оқими тўхтаб турган автомобилларни оқизиб кетган. Фуқаролар қутқарув гуруҳлари келгунга қадар автомобиллар томига чиқиб кутишга мажбур бўлган.

Истанбул губернаторлиги маълумотларига кўра, 14 октябрь куни соат 06:00 дан 20:00 гача AFAD ва 112 тезкор ёрдам марказига жами 2 518 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 277 таси сув тошқини, 15 таси кўчки, 47 таси одамларнинг хавфли ҳудудларда қолиб кетиши, 13 таси дарахтларнинг қулаши ва 2 таси томларнинг учиб кетиши билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, 76 та транспорт воситаси, 808 та турар жой ва 280 та иш жойи бўйича мурожаатлар қайд этилган.

Ёмғир оқибатларини бартараф этиш учун 8 минг нафар ходим, 2 мингта транспорт воситаси ва махсус техника сафарбар қилинган. Ишлар AFAD’нинг Истанбул минтақавий бошқармасида ташкил этилган инқироз маркази орқали мувофиқлаштирилган.

Истанбул шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, кучли ёғингарчилик айрим ҳудудларда 1985 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичлардан бирига етган.

Дастлабки маълумотларда Бейкоз туманида бир квадрат метрга 242 килограмм, Эйюпсултонда 190,5 килограмм, Сариерда эса 187,9 килограмм ёмғир ёққани келтирилган. Босфор бўғози атрофи ва шаҳарнинг Европа томонидаги айрим ҳудудларда ёғингарчилик миқдори бир квадрат метрга 100–230 килограммни ташкил этган.

Кучли ёмғир Кагитхане туманида ҳам жиддий оқибатларга олиб келган. У ердаги сой тошиб, тарихий Садабод масжидининг намозхонаси ва ҳовлисидаги айрим биноларни сув босган. Кичикчекмедже туманида эса кучли шамол масжид минорасидаги металл қисмларни узиб юборган. Улар кўчада турган автомобиль устига тушган, ҳодиса оқибатида машина шикастланган, бироқ ҳеч ким жабрланмаган.

Ноқулай об-ҳаво Истанбул аэропорти ва Сабиҳа Гўкчен аэропортидаги парвозлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган. Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги маълумотига кўра, Истанбул аэропортига қўна олмаган 43 та самолёт мамлакат ичидаги ва хориждаги муқобил аэропортларга йўналтирилган.

Уларнинг 16 таси Анқара, 10 таси Измир, 8 таси Сабиҳа Гўкчен, 2 таси Баликесир, 2 таси Чаноққалъа ва 1 таси Анталия аэропортига йўналтирилган. Хорижда эса бир самолёт Теҳронга, иккитаси Бургасга ва яна бири Афинага йўналтирилган.

Сабиха Гўкчен аэропортида кучли шамол сабаб қўнишлар вақтинча тўхтатилган, учишлар ҳам бир муддат чекланган. Кейинчалик аэропортдаги парвозлар қайта тикланган.

Бундан ташқари, Истанбул губернаторлиги ноқулай об-ҳаво шароити сабаб 15 октябрь куни шаҳардаги барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида юзма-юз дарслар бир кунга тўхтатилганини маълум қилган. Давлат идораларида ишлайдиган ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар, фахрийлар ҳамда 8 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёл ходимларга ҳам маъмурий таътил берилган.

Шу билан бирга, мотоцикл ва бошқа икки ғилдиракли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши 14 октябрь куни соат 21:00 дан бошлаб алоҳида кўрсатма берилгунча тақиқланган. Жамоат транспорти қатновини енгиллаштириш мақсадида 10 та метро, 3 та трамвай ва 2 та фуникулёр йўналишида иш вақти соат 02:00 гача узайтирилган.

Истанбул губернатори Довуд Гул фуқароларни зарурат бўлмаса, ташқарига чиқмасликка ва шахсий автомобиллардан фойдаланишни чеклашга чақирган. Шунингдек, аҳолидан ертўлалар, сув тўпланадиган ҳудудлар, дарё ўзанлари ва ерости йўлларидан узоқ туриш сўралган. Губернаторнинг огоҳлантиришича, 15 октябрь куни ҳам, айниқса, Истанбулнинг Осиё томонида кучли ёғингарчилик давом этиши кутилган.

Туркия расмийлари ёмғир оқибатларини бартараф этиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ишлари давом этаётганини билдирган. Ёғингарчилик камайган ҳудудларда етказилган зарарни аниқлаш ишлари ҳам бошланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends