Алиев яхшиликни осон унутдими ёки Озарбайжон-Туркия орасига фитна туширган ким?

Review

−

Reklama
0:00

“Икки давлат – бир миллат”. Бу шиор Туркия ва Озарбайжон муносабатларига нисбатан ишлатиладиган шиор. Бу икки мамлакатни – тил, тарих, маданият ва стратегик манфаатлар бир-бирига яқинлаштирган. Айниқса, 2020 йилдаги Иккинчи Қорабоғ уруши ва ундан кейинги даврда Анқара ва Баку ўртасидаги ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик янада мустаҳкамланган.

Бироқ октябрь ойида Озарбайжон мактабларида рўмол ўраган ўқувчилар ва ўқитувчиларга нисбатан қўлланаётган чекловлар, Туркиядаги сиёсатчиларнинг бунга муносабати ҳамда Озарбайжон раҳбариятининг ташқи аралашувга қарши кескин баёнотлари икки мамлакат ўртасида янги баҳсни юзага чиқаргандек бўлди.

Бу шунчаки кийиниш қоидалари билан боғлиқ можаро эмас. Унинг ортида давлат суверенитети, диний эркинлик, тарихий хотира ва минтақадаги сиёсий таъсир учун кураш каби масалалар турибди.

Қорабоғ урушида Туркия Озарбайжонга қандай ёрдам берган?

2020 йил 27 сентябрда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Иккинчи Қорабоғ уруши бошланди. Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинган бўлса-да, минтақанинг катта қисми 1990 йиллардаги урушдан кейин Арманистон қўллаб-қувватлаган арман кучлари назоратида қолган эди.

44 кун давом этган уруш Озарбайжоннинг муҳим ҳудудлар устидан назоратни қайта тиклаши билан якунланди. Бу ғалабада Озарбайжоннинг кўп йиллар давомида қуролли кучларини модернизация қилгани, ҳарбий технологияларга сармоя киритгани ва жанговар имкониятларини оширгани муҳим роль ўйнайди.

Туркия эса уруш давомида Озарбайжонни очиқ сиёсий қўллаб-қувватлаган. Анқара Бакунинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилган ҳарбий ҳамкорликни кучайтирган ва Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар ТБ2 (Bayraktar TB2) учувчисиз учиш аппаратлари Озарбайжон армиясининг жанговар имкониятларини оширишга хизмат қилган.

Бироқ урушдаги ғалабани фақат битта давлатнинг ёрдами билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Озарбайжон Исроил, Туркия ва бошқа давлатлардан турли даврларда қурол-яроғ сотиб олган. Хусусан, Исроил Озарбайжоннинг асосий қурол етказиб берувчиларидан бири бўлган. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (Sipri) маълумотларига кўра, 2011–2020 йилларда Исроил Озарбайжоннинг йирик қурол-яроғ импортида Россиядан кейинги муҳим етказиб берувчилардан бири бўлган. 2016–2020 йилларда эса Озарбайжон Исроилнинг йирик қурол экспорти ҳажмининг 17 фоизини ташкил этган. Исроил Озарбайжонга Harop ва Orbiter каби учувчисиз учиш қурилмалари, Hermes 900 разведка дронлари, бошқариладиган ракеталар ҳамда Barak 8 ҳаво мудофаа тизимларини етказиб берган. Айниқса, нишонга мустақил йўналиб бориб, зарба бера оладиган Harop камикадзе дронлари 2020 йилги урушда кенг қўлланган. Бу технологиялар Озарбайжоннинг разведка, нишонларни аниқлаш ва аниқ зарба бериш имкониятларини кучайтирган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 2016 йилда Исроилдан 5 миллиард долларлик ҳарбий техника харид қилинганини билдирган. Бироқ бу рақам биргина 2020 йилги уруш давридаги харажатларни эмас, аввалги йилларда амалга оширилган харидларни ҳам қамраб олади.

Покистон эса Озарбайжонни, аввало, дипломатик ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. 2020 йил 2 октябрь куни Покистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳарбийлари Озарбайжон томонида жанг қилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай даъволарни асоссиз деб атаган.

“Озарбайжон қуролли кучлари билан биргаликда Арманистонга қарши жангларда Покистон армияси иштирок этаётгани ҳақидаги хабарлар тахминларга асосланган ва асоссиз.

Покистон Тоғли Қорабоғ минтақасидаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашувидан чуқур хавотирда. Арманистон кучларининг Озарбайжон тинч аҳолисини кучли ўққа тутиши қоралашга лойиқ ва ниҳоятда ачинарлидир. Бу бутун минтақанинг тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Арманистон вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик учун ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиши керак.

Покистон Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ масаласидаги позициясини қўллаб-қувватлайди. Бу позиция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг бир овоздан қабул қилинган бир қатор резолюцияларига мос келади”, дейилади Вазирлик баёнотида.

Шу билан бирга, Исломобод Озарбайжоннинг Қорабоғ масаласидаги позициясини қўллаб-қувватлаб, унинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилган. Покистоннинг ҳарбийлари урушда бевосита қатнашгани ёки жанговар куч юборгани ҳақида ишончли, мустақил тасдиқланган далиллар етарли эмас. Шу сабабли унинг ролини Исроилнинг қурол-яроғ етказиб бериши билан тенглаштириш тўғри бўлмайди. Исроилнинг ҳиссаси асосан ҳарбий-технологик таъминотда, Покистонники эса сиёсий-дипломатик кўмакда намоён бўлган.

Демак, Озарбайжоннинг ғалабаси бир неча омилнинг йиғиндиси бўлган. Туркиянинг кўмаги муҳим эди, аммо бу Озарбайжон армиясининг ўз салоҳияти ва бошқа ҳамкорларнинг ролини инкор этмайди.

Шуша декларацияси ва стратегик иттифоқ

2021 йил 15 июнда Туркия ва Озарбайжон Шуша декларациясини имзолади. Ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни, жумладан, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва хавфсизликка таҳдидлар юзага келганда ўзаро маслаҳатлашув механизмларини мустаҳкамлади.

Шу тариқа, уруш давридаги сиёсий яқинлик узоқ муддатли стратегик ҳамкорликка айланди.

Туркия учун Озарбайжон Жанубий Кавказга чиқиш, Каспий минтақаси билан алоқаларни кенгайтириш ва Марказий Осиё давлатларига борадиган транспорт йўлакларини ривожлантиришда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Озарбайжон эса Туркия орқали халқаро бозорларга, мудофаа ҳамкорлигига ва кенгроқ сиёсий майдонга чиқиш имкониятига эга.

Икки давлатнинг энергетика соҳасидаги алоқалари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Озарбайжон гази Туркияга етказиб берилади, нефть ва газ қувурлари эса икки мамлакатни минтақавий энергетика тизимига боғлайди. SOCAR компаниясининг Туркиядаги йирик сармоялари бу алоқаларни янада мустаҳкамлаган. Кўриб турганингиздек, анча масалаларда икки давлат эт билан тирноқдек.

Бироқ стратегик иттифоқ дегани манфаатлар ҳар доим бир хил бўлади дегани эмас. Аксинча, давлатлар қанчалик яқин бўлса, уларнинг бир-биридан кутадиган талаблари ҳам шунчалик ортиши мумкин.

Озарбайжон мактабларидаги кийиниш қоидалари ортидан рўмол ўраган ўқувчи ва ўқитувчиларга қўйилган чекловлар Туркиядаги айрим фаоллар томонидан танқид қилинди. Баку эса Туркиядаги танқидларни ички ишларга аралашиш сифатида қабул қилиб, Озарбайжоннинг ҳукмрон Янги Озарбайжон партияси туркиялик жамоатчилик вакилларининг айрим баёнотларини такрор ва такрор масъулиятсиз деб атади ва мамлакатнинг ички қарорларига ташқаридан босим ўтказилмаслиги кераклигини билдирди. Шу нуқтада баҳс янада кенгроқ масалага айланди: Туркия ўзини Озарбайжоннинг энг яқин иттифоқчиси деб билган ҳолда, унинг ички сиёсатига доир масалаларда қанчалик фикр билдиришга ҳақли? Баку эса яқин иттифоқчининг танқидини қаергача қабул қилиши мумкин?

Баку эса Туркиядаги танқидларни ички ишларга аралашиш сифатида қабул қилди. Озарбайжоннинг ҳукмрон Янги Озарбайжон партияси туркиялик сиёсатчиларнинг айрим баёнотларини такрор ва такрор масъулиятсиз деб атади ва мамлакатнинг ички қарорларига ташқаридан босим ўтказилмаслиги кераклигини билдирди.

Шу нуқтада баҳс рўмолнинг ўзидан кенгроқ масалага айланди: Туркия ўзини Озарбайжоннинг энг яқин иттифоқчиси деб билган ҳолда, унинг ички сиёсатига доир масалаларда қанчалик фикр билдиришга ҳақли? Баку эса яқин иттифоқчининг танқидини қаергaча қабул қилиши мумкин?

Бизга ҳеч ким ёрдам бермаган – Алиев

2026 йил 2 октябрда Илҳом Алиев ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партиясининг VIII қурултойида сўзлар экан, мамлакат уруш ва қийинчиликларни ўз кучи билан енгиб ўтганини таъкидлади. У Озарбайжон қурол-яроғни ўз маблағига сотиб олганини, ҳеч кимдан ҳомийлик ёки имтиёз кутмаганини айтди.

“Бизга ҳеч кимнинг ёрдами ҳам, ҳомийлиги ҳам керак эмас. Биз ёрдамга муҳтож бўлган пайтимизда ҳеч ким бизга ёрдам бермади. Бир миллион нафар қочқинимиз бўлганида ҳам ҳеч ким бизга ёрдам қўлини чўзмади. Нима сотиб олган бўлсак, ўз пулимизга сотиб олдик. Барча қурол-яроғларни ҳам ўз пулимизга, жаҳон бозоридаги нархларда, энг сўнгги ўққача сотиб олдик”, дейди у.

Бу гаплар Туркияда эътиборсиз қолмади. Чунки Озарбайжон раҳбари илгари Туркиянинг Қорабоғ уруши давридаги сиёсий кўмагини бир неча бор юқори баҳолаган эди.

Бироқ Алиевнинг баёнотини Туркияни бевосита назарда тутган айблов сифатида кўрсатиш учун асос етарли эмас. У нутқида асосан қурол-яроғ харидлари, 1990 йиллардаги қочқинлар муаммоси, халқаро кучларнинг Арманистонни қўллаб-қувватлагани ва Озарбайжоннинг мустақил сиёсати ҳақида гапирган. У Туркияни номма-ном тилга олмаган.

Шу билан бирга, сиёсий баёнотларнинг мазмуни билан бирга, улар қайси вазиятда ва қандай аудитория олдида айтилгани ҳам аҳамиятли. Баку ташқи сиёсатда мустақиллигини таъкидлаш орқали ҳеч бир давлат, ҳатто энг яқин иттифоқчи ҳам унинг ички ва ташқи қарорларини белгилаб бера олмаслигини кўрсатмоқчи бўлиши мумкин.

Бу эса Туркия билан муносабатларни узиш истагини эмас, балки иттифоқ ичидаги тенглик масаласини кўтариш сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин.

Ҳоқон Фидан Исроил Президентининг Баку саммитидаги нутқини бойкот қилди

2026 йил 15 октябрда Бакуда Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлаш чоралари бўйича кенгаш – Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA) саммити ўтказилди. Тадбирда Исроил президенти Исаак Герцог ҳам иштирок этди.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Герцог нутқини бошлаганида зални тарк этди. Бу ҳаракат Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларига қарши Туркиянинг кескин сиёсий позицияси билан боғлиқ норозилик белгиси сифатида талқин қилинди. Хабарларга кўра, Эрон, Покистон, Фаластин ва Қувайт вакиллари ҳам зални тарк этган.

Мазкур воқеа Туркиянинг Исроилга нисбатан сиёсати билан Озарбайжоннинг Исроил билан алоқалари ўртасидаги фарқни яна бир бор кўрсатди.

Озарбайжон ва Исроил ўртасида энергетика, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида узоқ йиллик ҳамкорлик мавжуд. Озарбайжон Исроилга нефть етказиб берувчи муҳим давлатлардан бири ҳисобланади. Исроил эса Озарбайжоннинг қурол-яроғ харид қиладиган асосий ҳамкорларидан бири бўлиб келган.

Озарбайжоннинг нефти Боку – Тбилиси – Жайҳон қувури орқали Туркиянинг Жайҳон портига етказилади ва у ердан танкерлар орқали турли бозорларга, жумладан, Исроилга ҳам олиб борилади. Бу йўналиш икки давлатнинг энергетик алоқалари Туркия ҳудудидан ўтадиган инфратузилма билан ҳам боғлиқлигини кўрсатади.

Шундай қилиб, Анқара ва Баку Исроил масаласида бир хил сиёсий позицияга эга эмас. Туркия Исроил ҳукуматининг Ғазодаги ҳаракатларини кескин танқид қилиб келаётган бир пайтда, Озарбайжон ўзининг энергетика ва мудофаа манфаатларини ҳисобга олиб, Тель-Авив билан ҳамкорлигини сақлаб қолмоқда.

Бу тафовутнинг ўзи икки давлат ўртасида муқаррар зиддият борлигини англатмайди. Аммо бу уларнинг “бир миллат – икки давлат” деган сиёсий яқинлиги барча халқаро масалаларда бир хил қарор қабул қилишларини англатмаслигини кўрсатади.

Исроил Президенти ва Озарбайжон самолёти атрофидаги саволлар

Герцогнинг Бакудаги саммитда иштирок этиши билан боғлиқ яна бир масала – унинг сафар йўналиши ва самолёти ҳақида тарқалган хабарлар. Айрим хабарларда Туркия ҳаво ҳудуди орқали учиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Бироқ бу воқеани Озарбайжон Туркияни атайлаб четлаб ўтиб, Исроил президентига махсус самолёт ажратган, деб қатъий хулоса қилиш учун парвоз рейси, самолёт оператори, йўловчилар таркиби ва рухсат сўровлари ҳақида текширилган маълумотлар зарур.

Агар тижорий рейсдан Президент делегацияси фойдаланиб, сафар амалга оширилган бўлса, бу ҳолатнинг ўзи Анқара ва Баку ўртасида яширин келишмовчилик бўлганини исботламайди. Худди шунингдек, Туркия ҳаво ҳудуди орқали учишга рухсат берилмагани ҳақидаги хабар ҳам тегишли расмий тасдиқсиз якуний факт сифатида келтирилмаслиги керак.

Шу боис, Герцогнинг сафарини икки давлат ўртасидаги зиддиятнинг асосий далили сифатида эмас, балки Туркия ва Озарбайжоннинг Исроил билан муносабатлари турлича эканини кўрсатадиган қўшимча контекст сифатида кўриш тўғрироқ бўлади.

Нега икки давлат бир-биридан осонликча узоқлаша олмайди?

Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар фақат сиёсий “қичиқ” баёнотларга боғлиқ эмас. Уларнинг ортида мудофаа шартномалари, энергетика лойиҳалари, савдо, транспорт йўлаклари ва минтақавий хавфсизлик манфаатлари мавжуд.

Туркия учун Озарбайжон Жанубий Кавказдаги муҳим стратегик ҳамкор, Каспий минтақаси ва Марказий Осиёга чиқиш имкониятларини кенгайтирувчи давлатдир. Озарбайжон учун эса Туркия НАТОга аъзо, ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти юқори бўлган ҳамкор ҳисобланади.

Бу муносабатларда томонларнинг ҳар бири иккинчисига муҳтож, бироқ уларнинг эҳтиёжлари бир хил эмас. Туркия Озарбайжон билан ҳамкорлик орқали минтақадаги мавқеини мустаҳкамлайди. Озарбайжон эса Туркия билан иттифоқни сақлаган ҳолда Исроил, Россия, Европа ва бошқа давлатлар билан ҳам мустақил алоқалар олиб боришга интилади.

Шу сабабли, Баку Анқаранинг барча сиёсий қарашларига қўшилмаслиги мумкин. Худди шунингдек, Туркия ҳам Озарбайжоннинг барча қарорларини маъқуллаши шарт эмас.

Асосий масала – келишмовчиликлар иттифоқнинг ички мулоқоти орқали ҳал этиладими ёки жамоатчилик олдидаги ўзаро айбловлар кучайиб борадими?

Бу можаро ортида фитна борми?

Озарбайжондаги рўмол можароси ва ундан кейин юзага келган сиёсий тортишувларни ташқи кучлар атайлаб уюштирган фитна сифатида кўрсатиш учун ҳозирча етарли очиқ далиллар йўқ.

Бироқ вазиятдан турли сиёсий кучлар фойдаланиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Туркияда айрим сиёсатчилар Озарбайжон ҳукуматини диний эркинликни чеклашда айбламоқда. Баку эса бундай танқидларни миллий суверенитетга аралашиш сифатида талқин қилмоқда. Ҳар икки мамлакатдаги айрим ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ушбу фарқни янада кескинроқ кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, Озарбайжоннинг мустақил сиёсат юритиш истаги ёки Туркиянинг диний эркинлик масаласидаги танқиди ўз-ўзидан яширин фитна мавжудлигини англатмайди. Сиёсий манфаатлар тўқнашуви билан олдиндан режалаштирилган фитна ўртасида фарқ бор.

Россия ва бошқа минтақавий кучлар Туркиянинг Жанубий Кавказдаги таъсирини тарихан диққат билан кузатиб келган. Аммо айнан ҳозирги можарони улар уюштирган, деган хулосага келиш учун бевосита далиллар керак. Акс ҳолда, таҳлил тахмин ва гумонларга айланиб қолади.

Биродарлик манфаатлар тўқнашувига бардош бера оладими? 

Хуллас, Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги бугунги келишмовчиликлар икки давлат иттифоқи барбод бўляпти дея олмаймиз. Қорабоғ уруши даврида Туркиянинг сиёсий ва ҳарбий кўмаги Озарбайжон учун муҳим бўлган. Озарбайжон ҳам Туркия учун энергетика, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида катта аҳамиятга эга. 

Аммо бугун Баку ўзини ташқи ҳомийларга қарам бўлмаган мустақил давлат сифатида кўрсатишга интилмоқда. Анқара эса тарихий ва стратегик яқинликни ҳисобга олиб, Озарбайжоннинг айрим қарорларига нисбатан жамоатчиликдаги муносабатни эътиборсиз қолдира олмайди. 

Келгусида бу можаронинг икки давлат муносабатларига қанчалик таъсир қилишини расмий дипломатик мулоқот, янги баёнотлар ва амалий қарорлар кўрсатади. Ҳозирча энг асосли хулоса шуки, Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги “иноқлик” билан бирга манфаатларнинг сезиларли фарқи бор ва бу фарқ тобора очиқроқ кўринмоқда. Хўш, буни стратегик иттифоқнинг тугаши ёки яширин фитнанинг исботи деб баҳолаш мумкинми? 

Чунки давлатлар ўртасидаги ҳақиқий иттифоқ фақат умумий тарих ёки биродарлик шиорлари билан эмас, балки келишмовчиликлар пайтида ҳам бир-бирининг мустақиллиги ва манфаатларини ҳурмат қила олиш билан синалади. Фикрларингизни изоҳ бўлимида ёзиб қолдиринг.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends