966 та камера, минглаб маҳкум ва тўлиқ назорат: “Тоштурма”даги ўзгаришлар

Local

Reklama
0:00

Тергов ҳибсхонаси дейилганда кўпчиликнинг хаёлига ҳукм чиқмасиданоқ умри синган, қийноқлар ҳақидаги гап-сўзлар тинмайдиган, деворлари сир сақлайдиган қоронғи бинолар келади. Бу тасаввур бежиз шаклланмаган. Кейинги йилларда мамлакатдаги айрим тергов ҳибсхоналарида ўлим ҳолатлари, қийноқлар ва босим ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотган.

Жорий йилнинг февраль ойида Самарқанддаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ “Райгаз” раҳбарининг ўлиги чиққанди. 9 июнь куни эса Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахс қийноққа солинаётгани ва ундан мажбурий кўрсатма олинаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан муассасанинг айрим ходимларига нисбатан терговга қадар текширув бошланди.

Энди Ички ишлар вазирлиги бундай ҳолатларнинг олдини рақамлаштириш ва тўлиқ видеоназорат орқали олишни мақсад қилган. Бу жараён халқ орасида “Янги Тоштурма” номи билан танилган Зангиотадаги Марказий тергов ҳибсхонасидан бошланди. 30 июль куни мазкур муассасада ташкил этилган пресс-тур давомида QALAMPIR.UZ мухбири янги тизим қандай ишлаши, маҳкумларга яратилаётган шароитлар ва хавфсизлик чоралари билан танишди.

Энди ҳар бир ҳаракат камерада бўлади

Марказий тергов ҳибсхонасида хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилган. Муассасага кириб чиқадиган ҳар бир транспорт воситаси сунъий интеллект технологиясига асосланган назорат тизими орқали текширилади. Тергов остидаги шахсларни ташиш учун камера, вентиляция ва махсус ҳимоя воситалари билан жиҳозланган 10 дан ортиқ махсус автотранспорт хизмат қилади.

Янгиликлардан бири – республикадаги барча тергов ҳибсхоналари босқичма-босқич овозли ва овозсиз видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Масъулларнинг фикрича, бу қийноқлар, ноқонуний ҳаракатлар ва турли баҳсли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

“Тоштурма” қийноқ излари билан келганларни қабул қилмайдими?

Жамоатчилик орасида Зангиотадаги Марказий тергов ҳибсхонаси бошқа муассасаларда қийноққа учраган ёки оғир аҳволга тушиб қолган шахсларни қабул қилмайди, деган қараш ҳам учрайди.

Муассаса масъулларига кўра, ҳар бир шахс ҳибсхонага олиб келинганида унинг соғлиғи ва психологик ҳолати DMed тизими орқали рўйхатга олинади. Агар тан жароҳатлари ёки бошқа шубҳали ҳолатлар аниқланса, улар тегишли тартибда қайд этилади. Бу эса келгусида қийноқ ҳолатларини яшириш имкониятини чеклаши айтилди.

Шунингдек, ҳибсхонага келтирилган шахслар энди рақамли платформа орқали рўйхатга олинади. Уларнинг яқинларига автоматик SMS хабар юборилади.

Сўнгги тўрт ой ичида “Қалқон”, “E-Mahkum” ва “Qala” платформалари ягона ахборот тизимига бирлаштирилган. Энди тергов остидаги шахслар, маҳкумлар ва судланувчилар ҳақидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида 25 та давлат ташкилоти ўртасида шаффоф алмашилади. Ахборот хавфсизлиги эса ИИВ томонидан таъминланади.

Сентябрдан “доставка” хизмати ишга тушади

Пресс-турда маҳкумлар учун жорий этилган рақамли хизматлар ҳам тақдим қилинди. Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб маҳкумларнинг яқинлари озиқ-овқат, посилка, бандероль ва бошқа йўқловларни электрон дўкон орқали юбориши мумкин бўлади. Шу тариқа ҳибсхонага маҳсулот олиб келиш учун навбат кутиш ёки воситачилар хизматидан фойдаланишга эҳтиёж қолмаслиги айтилди.

Муассаса ҳудудида “Рақамли дўкон”, “M-Billing” ва “Видеоучрашув” тизимлари ҳам ишга туширилади.

Бир соатлик сайр – имтиёзми ёки жазонинг давоми?

Тергов остидаги шахслар ҳар куни эрталаб соат 08:00 дан 16:00 гача бир соат давомида ёпиқ осмон остидаги махсус сайр майдончасидан фойдаланиши мумкин.

Янги тартибга кўра, дам олиш ва байрам кунлари бу муддат икки соатгача узайтирилади. Сайрга бир ҳужрада сақланаётган шахслар биргаликда чиқади. Аммо бу сайр майдонлари очиқ боғ эмас. Баланд деворлар билан ўралган, тепаси панжара билан ёпилган ҳудуддаги бир соатлик ҳаво – бу инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан етарлими ёки жазонинг бир қисми сифатида қоляптими? Бу саволга ҳар ким ўзича жавоб беради.

Она-бола ва вояга етмаганлар учун 55 та махсус камера

Муассасада нафақат эркаклар ва аёллар, балки вояга етмаганлар ҳамда болали аёллар учун ҳам алоҳида хоналар ташкил қилинган. Халқаро стандартларга мувофиқ жиҳозланган 55 та камера айнан шу тоифа учун ажратилган. Яқин қариндошлар билан қисқа муддатли учрашув хоналари ҳам 14 тадан 36 тагача кўпайтирилган.

2018 йилда фойдаланишга топширилган Зангиотадаги Марказий тергов ҳибсхонаси МДҲдаги энг ўзига хос архитектурага эга муассасалардан бири ҳисобланади.

ИИВ маълумотига кўра, бинога саккиз қиррали юлдуз шакли берилишининг асосий сабаби – камераларга табиий ёруғликнинг бир хил тушишини таъминлаш, бинодан самарали фойдаланиш ва хавфсизлик талабларини бажаришдан иборат. 2024 йилда қурилган қўшимча бинолардан кейин адвокатлар хоналари 19 тадан 50 тага, тергов хоналари 6 тадан 25 тага, онлайн суд заллари 4 тадан 11 тага етказилди. Муассаса жами 966 та камера ва қарийб 3 500 дан ортиқ шахсни сақлаш имкониятига эга.

Рақамлаштириш, видеокузатув, электрон посилка, SMS-хабарнома ва сунъий интеллект орқали назорат – буларнинг барчаси тизимни шаффофлаштиришга қаратилган чоралар сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ бу ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси пресс-турлар эмас, балки келгусида тергов ҳибсхоналаридаги қийноқлар, шубҳали ўлимлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ можаролар қанчалик камайиши билан баҳоланади. Чунки ҳибсхонадаги энг муҳим ислоҳот – янги деворлар ёки рақамли платформалар эмас, балки у ердан тирик ва қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинган инсонларнинг чиқишидир.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends