Чехияда минглаб одамлар ОАВ мустақиллиги учун намойиш ўтказди

World

−

image

Чехия пойтахти Прагада ҳукуматнинг давлат телевидениеси ва радиосини молиялаштириш тартибини ўзгартириш режасига қарши минглаб одам намойиш ўтказди. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 октябрь куни “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, намойишчилар ҳукумат таклиф қилаётган ислоҳот жамоат телерадиокомпанияларининг мустақиллигига хавф туғдириши мумкинлигини билдирган. Улар қонун лойиҳасини қайтариб олишни ва Бош вазир Андрей Бабишдан масала юзасидан кенг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишни талаб қилган.

Норозилик намойиши Эски шаҳар майдонида бўлиб ўтган. Майдонга минглаб одамлар йиғилгани сабабли, кўпчилик яқин атрофдаги кўчаларда туришга мажбур бўлган. Намойишчилар “Биз етар дедик”, “Бунга йўл қўйиб бўлмайди” ва “Соат 4:36” каби шиорларни айтган.

Норозиликка ҳукумат коалициясининг қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасида муҳокама қилишни кутилмаганда тезлаштиргани сабаб бўлган. Депутатлар мухолифатга баҳсда қатнашиш учун чекланган вақт берган ва 23 октябрь куни соат 04:36 да ҳужжатни парламентдаги уч босқичли кўриб чиқишнинг биринчи босқичидан ўтказган.

Режага кўра, давлат телевидениеси ва радиоси аҳоли, хонадонлар ҳамда корхоналар тўлайдиган мунтазам йиғимлар ҳисобидан эмас, балки давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Бироқ янги тартиб жамоат ОАВлари оладиган маблағни ҳозиргига нисбатан қарийб 15 фоизга камайтириши кутилмоқда.

Ислоҳот танқидчилари бу ўзгариш ҳукмрон коалицияга оммавий ахборот воситалари устидан назоратни кучайтириш имконини бериши мумкинлигидан хавотирда. Улар Словакия ва Венгрияда жамоат ОАВлари билан боғлиқ вазиятни бунга мисол сифатида келтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Европа ва бошқа минтақаларни қамраб олган норозилик намойишлари чоғида содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини қоралаган ва норозиликлар сабабини урушларнинг иқтисодий оқибатлари билан боғлагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends