Бош муҳаррири қамалган нашр фаолиятини тўхтатди

World

image

Қозоғистоннинг “Orda.kz” нашри бугун, 1 сентябрдан иш фаолиятини тугатди. Бу ҳақда ушбу нашрнинг ўзи хабар берди.

Муассис Мақсат Ғаниевнинг маълум қилишича, бу ОАВнинг зарар келтираётгани билан боғлиқ.

“Сабаблари жуда оддий. Мен “Orda.kz”га киритилган олти йиллик инвестицияларим якунини сарҳисоб қилдим ва чуқур зарардан ҳеч бўлмаганда озгина фойдага чиқиш имконияти йўқлигини тушуниб етдим. Мен, эсласангиз, “Orda.kz”га айнан бизнес-лойиҳа сифатида қараган эдим”, дейди Ғаниев.

Унинг айтишича, “Orda.kz” ҳалол режимда шаффоф реклама шартномалари ҳисобидан пул келтириши мумкин, аммо бу кўп йиллик инвестицияларни қайтаришни айтмаганда, лойиҳанинг ўз-ўзини қоплашига ҳам зўрға етмоқда.

“Медиадан сиёсий ўйинлар, фейк тарқатиш ва шантаж учун фойдаланишга эса ҳеч қандай хоҳиш йўқ. Бу менинг шахсий мақсадларимга тўғри келмайди”, дея қўшимча қилган Ғаниев.

У бош муҳаррир Анна Платоновага ва “таҳририятнинг барча амалдаги ходимларига” бажарилган ишлар учун миннатдорлик билдирган.

Таҳририят баёнотида айтилишича, “Orda.kz” бугун, 1 сентябрдан ўз фаолиятини тўхтатади. Ёпилиш ҳам асосий ахборот ресурсига, ҳам таҳририят билан боғлиқ барча ижтимоий тармоқдаги аккаунтларга, жумладан, YouTube-каналига ҳам тааллуқли.

“Қабул қилинган қарор ортида ҳеч қандай яширин сабаб йўқ: таҳририят ишлаб топган пул уни таъминлашга етмаяпти. Ҳозирги вазиятга олиб келган бошқа ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмас. Таҳририят ўз мажбуриятлари тўлиқ ҳажмда бажарилиши учун бор имкониятини ишга солди”, деб қўшимча қилган таҳририят.

Маълумот учун, “Orda” – 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 2025 йилнинг охиригача журналист Гулнор Бажкенова раҳбарлик қилган. У Қозоғистондаги турли ижтимоий-сиёсий воқеаларни ёритиб келган ва ёпилиш вақтида Telegram’да 136 минг, Instagram’да 335 минг ва YouTube’да 379 минг обуначига эга эди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг декабрь ойида “Orda” офисида, шунингдек Бажкенованинг хонадонида тинтув ўтказилган, шаҳар полиция департаменти эса Бажкенованинг ўзига нисбатан бир нечта жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди. Улар орасида “ёлғон ахборот тарқатиш”, “ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш” ва “ноқонуний тадбиркорлик” каби айбловлар бор эди. Жорий йилнинг 8 августида у айбдор деб топилди ва 14 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги сабабли жазони ижро этишни икки йилга кечиктириш шарти билан саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic