Болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш мумкин бўлади
Local
−
12:40 1496 2 minutes
Кеча, 8 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш имкониятини назарда тутувчи қонун маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига ўзгартириш киритилиб, болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш имконияти белгиланмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, боланинг фамилияси ота-онасининг фамилиясига қараб белгиланади. Шу билан бирга, ота ёки она миллий анъаналарга кўра бобосининг исмини ҳам боланинг фамилияси сифатида бериши мумкин.
Сенаторларга кўра, мазкур тартибнинг қонунчиликда аниқ белгиланиши фуқароларга қўшимча қулайлик яратади ҳамда миллий ва диний анъаналарга мувофиқ уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Унда архив иши соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилиб, нодавлат ва электрон архивларни ташкил этиш тартиби, шунингдек, архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчиларнинг пенсиясини ҳисоблашнинг энг юқори миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга оширишни назарда тутувчи “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All