“Учта тирранча отасини булғаяпти”. Жўраевлар нега судлашяпти?

Маданият-санъат

Судлашаётган Жўраевлар… Сўнгги вақтларда ўзбек шоу-бизнесида тез-тез конфликтларга гувоҳ бўляпмиз. Буни кимдир пиар деб баҳоласа, яна кимдир хонандаларни қўллаб-қувватламоқда. Бошқа санъат вакиллари эса ушбу вазиятга ўзининг шахсий муносабатини билдиряпти. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айланаётган шов-шувли мавзулардан бири Жўраевлар ўртасидаги суд. Ёдингизда бўлса, бундан бир неча ой аввал таниқли хонанда Ботир Қодиров ўзбек халқининг машҳур ва севимли қўшиқчиси Шерали Жўраевнинг ўғли эканлиги ҳақида гап-сўзлар болалаганди. Куни кеча ушбу мавзу яна кўтарилди. Гап шундаки, Ботир Қодиров оталикни белгилаш бўйича судга даъво аризаси киритган. 

Даъвогар Ботир Қодиров, жавобгар эса Халқ артисти Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев. Мазкур ишни кўриш 15 апрель кунига тайинланган. Бироқ жавобгар вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Шундай қилиб, биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Ишни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси кўриб чиқди.

Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган. 

Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Нурматов Халимжон билан Қодиров Ботир Шералиевичнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.

Шунингдек, Янгийўл туман ФҲДЁ бўлими томонидан Ботир Қодировнинг 2008 йил 26 февралда фамилиясини “Жўраев”дан “Қодиров”га, отасининг исмини “Шерали ўғли”дан Шералиевич”га ўзгартирилганлиги ҳақидаги 46-ва 48-иловалар тақдим этилган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Ботир Қодировнинг ўзи Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини айтди. 

Гап шундаки, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Instagram саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Қодировнинг продюсери Асрор Исохўжаевнинг сўзларига кўра, айнан шу пост сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган. 

Қайд этилишича, Шоҳжаҳон Жўраев бир неча ой аввал Ботир Қодировга ишора қилиб, қуйидагича пост қолдирган. 

"Сен бир умр халқим, ватаним деб бировларнинг ғами билан яшаган бечора отангни қабрга қўйганингни ҳазм қилолмай азобланиб, беркиниб йиғлаб юрганингда ва уни соғинганингдан кийган кийимларида қолган ҳидларини ҳидлаб, у инсон билан бир сонияга бўлса ҳам кўришиш учун бутун борлиғингни беришга тайёр турган бир пайтда ўзининг кимлиги-ю кимданлигини билмай ўзидан ҳам шубҳаланиб юрган, ҳаётини фақат пиар учун, бировларнинг эътиборини маддоҳлик қилиб, сохталик билан қозониш учун ва энг асосийси бир пайтлар (кимлиги аниқ бўлгач, маълум бир вақтгача) нон бериб мардлик қилган, сени қабр ичида ётган отангни омма олдида обрўсизлантириб – "Номард" деб  катта гапирган "шоқоллар" яна отангни қўшиғини айтиб, ўйнаб юрсалар-у, буни кўриб тафаккур қилмай, оғзини очиб ўтирган ўз элингдан ҳайрон-у лол бўлар экансан афсус", деган Шоҳжаҳон Жўраев.

Қўшиқчи кейинчалик ўчириб юборилган бу постини отаси Шерали Жўраевнинг "Мухлис бевафодур", деган сўзлари билан якунлаган.

Шундан сўнг, февраль ойи бошларида Ботир Қодиров онасининг шаъни, ор-номусини  ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида, оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Қодиров ва Жўраевлар ўртасидаги бу конфликтга  маданият вазири Озодбек Назарбеков салбий муносабат билдирди. У ОАВларидан бирига берган интервьюсида “3 та тирранча буюк санъаткорни лойга булғаяпти” деган фикрларни билдирган.

Хўш, санъаткорлар ўртасидаги бу зиддият қандай якунланади? Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’da кузатиб боринг!


Мақола муаллифи

Теглар

Шерали Жўраев Ботир Қодиров Шоҳжаҳон Жўраев Зоҳиршоҳ Жўраев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made