Шерали Жўраевнинг қабри очиладими?

Маданият-санъат

Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда хонанда Ботир Қодиров марҳум Шерали Жўраевнинг ўғли эканини айтиб, оталикни белгилаш бўйича судга даъво аризаси киритгани кенг муҳокама қилинмоқда. Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда "Ботир Қодиров бизнинг уруғдан эмас", дейишига қарамай хонанда унда барча далиллар борлиги ва уларни судга тақдим этишини айтмоқда. 

Адвокат Мавлуда Тўраева эса QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида оталикни белгилаш масаласидаги суд мажлиси қандай тартибда бўлиб ўтишини тушунтирди. Адвокатнинг айтишича, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишга ҳақли ва Ботир Қодиров ҳам оталикни белгилаш масаласида судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Жумладан, Шерали Жўраев вафот этгани сабабли оталикни тўғридан тўғри аниқлашнинг имкони йўқ. Демак, бу вазиятда иш суд орқали ҳал этилади. Шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган барча далиллар инобатга олинади. Масалан, қариндошлар билан тушилган фотосурат, ота-болалигини исботловчи маълумот, видео, аудио ёзувлар, ёзишмалар, қариндошларнинг кўрсатмалари ҳам шулар қаторига киради.

Ботир Қодиров QALAMPIR.UZ билан суҳбатда унинг қўлида амакиси билан ўтказилган ДНК натижаси борлигини ва унинг хулосасига кўра, уларнинг амаки-жиян эканлиги тасдиқланганини айтиб ўтганди. Адвокатнинг билдиришича, томонлардан бирининг судга тақдим қилаётган ДНК хулосаси кўп ҳолларда етарли бўлади. Аммо агар суд лозим топса, унинг амакисидан ҳам яқинроқ бўлган кишилар, яъни, Шерали Жўраевнинг икки ўғли – Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев, марҳумнинг ака-ука ёки опа-синглиси билан қон-қариндошликни аниқлаш учун қайтадан текширув ўтказилиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: агар Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар ДНК текширувидан ўтишдан бош тортса, марҳумнинг қабри очилиши мумкинми? Адвокатга кўра, суд айнан оталик фактини белгилаш учун марҳумнинг қабрини очишга рухсат бермайди. Негаки, бу мурдани таҳқирлаш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда юқорида тақдим этилган далилларнинг ўзи етарли ҳисобланади.

Аввалроқ, Шерали Жўраевнинг биринчи қонуний турмуш ўртоғи Хурсанд ая Тошпўлатова ҳам 28 апрель куни QALAMPIR.UZ'га Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ҳақиқий ўғли эканини айтганди.

Ботир Қодировнинг сўзларига кўра, болалигида отаси уни Хурсанд аянинг олдига олиб борган ва унинг ўғли эканини айтиб, таништирган. Хурсанд ая ҳам бу гапларни тасдиқлади.

Ушбу мавзу одамлар ўртасида муҳокама қилиниб, ОАВлари орқали турли маълумотлар эълон қилинганидан сўнг Судьялар олий кенгаши ушбу вазият суд ишига халал бераётганини маълум қилди. Мурожаатда одамларнинг суддан аввал хулоса чиқармаслиги сўралган. 

"Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратлар қилиш, суддан аввал "қарор чиқариб қўйиш" ҳолатлари мавжуд , энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қиляпти", дейилади хабарда.

Судьялар олий кенгаши тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндашишга чақирган. 

Ушбу суд мажлиси 2 май куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида бўлиб ўтиши белгиланган. Унда даъвогар Ботир Қодиров ва жавобгар Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ Жўраевлар иштирок этади. 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, агар Ботир Қодиров ҳақиқатдан ҳам марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланса, бошқа фарзандлари каби меросга эга бўлиши ва марҳумнинг ҳам моддий, ҳам маънавий меросига эгалик қилиши мумкин.

Қолаверса, Ботир Қодиров Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқларда Қодировнинг онаси ҳақида пост қолдирганидан кейин онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилгани ҳақида айтганди.

QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган адвокатнинг қўшимча қилишича, Қодиров чиндан ҳам Шерали Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланса, Шоҳжаҳон Жўраев мазкур ҳолат бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Шерали Жўраев Ботир Қодиров Зоҳиршоҳ Жўраев Ҳалимжон Нурматов Шерали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made