Путин ва Раҳмон тожикистонлик мигрантлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар Тожикистондан борган муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни ва Имомали Раҳмоннинг Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этишини муҳокама қилган.

Кремлга кўра, суҳбат “ишбилармонлик ва конструктив руҳда” ўтган. Террорчилик таҳдидига қарши кураш, шунингдек, миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Президентлар ўртасидаги суҳбатда муҳожирлар билан боғлиқ вазият туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар бузилмаслигига ишонч билдирилган.

“Сўнгги пайтларда маълум кучларнинг Россияга, шу жумладан Тожикистондан келаётган меҳнат муҳожирлари атрофидаги вазиятни сунъий равишда кучайтиришга қаратилган уринишлари биргаликда бостирилади ва бу икки мамлакат халқлари ўртасидаги вақт синовидан ўтган биродарлик муносабатларига путур етказа олмайди”, дейилади Кремль хабарида.

Тожикистоннинг “Ховар” агентлигининг ёзишича, давлат раҳбарлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматларнинг терроризм, экстремизм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг кўринишларига қарши курашиш борасидаги фаолиятини яқиндан мувофиқлаштириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.

“Президентлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Томонлар бўлажак учрашувлар жадвалини келишиб олди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 26 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий Россиянинг республикадаги элчиси Семён Григорьев билан сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси давлат чегарасини кесиб ўтишда дуч келган қийинчиликларни муҳокама қилганди. Тожикистон томони фуқароларининг Россияга киришини асоссиз рад этиш ҳолатлари кенг тарқалиб кетганидан хавотир билдирди. 27 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқароларига вақтинча Россия Федерациясига бормасликни тавсия қилди. 28 апрель куни расмий Душанбе Россия ҳукумати мингга яқин Тожикистон фуқаросини Москва аэропортларида ушлаб турганини билдирди. 29 апрель куни Россия Федерациясининг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьевга “Россия Федерацияси ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан кескин салбий муносабатнинг оммавий тарзда намоён бўлиши, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда бузилиши ҳолатлари юзасидан жиддий хавотир билдирган ҳолда” Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотаси топширилди. 30 апрель куни Россия томонининг ташаббуси билан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. "Интерфакс" эса тўрт кун ичида Москванинг "Внуково" халқаро аэропортидан 643 нафар Тожикистон фуқароси депортация қилинганини хабар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон Владимир Путин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made