Мирзиеёв Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раисини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 июнь куни Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси самимий қабул учун Президент Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбоев ва Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. 

Учрашувда томонлар Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил апрель ойида амалга оширилган Ўзбекистонга илк давлат ташрифининг якунлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, уни амалий мазмун билан бойитиш борасида ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидладилар.

Икки томонлама савдо ҳажми ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. 2018 йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. Яқин йилларда бу кўрсаткични камида 5 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди. 

Мамлакатлар етакчи компания ва корхоналари иштирокида кооперация асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт соҳасида янги автобус ва темир йўл йўналишлари очилди, шаҳарлар ўртасидаги авиақатновлар кўпайтирилди, юк ташиш ҳажми ортмоқда. 

Ҳудудлараро алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда. Ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили муваффақиятли ўтказилди, жорий йилда эса Ўзбекистонда тадбирларга бой дастур асосида Қозоғистон йили ўтмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мамлакатлар парламентлари қўмиталари даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш, эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ва янги шериклик лойиҳаларини илгари суриш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Нурлан Нигматулин Қозоғистон Парламенти парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашда, шунингдек, қардош халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади. 

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси сиёсий ҳаётидаги энг муҳим тадбир – жорий йил 9 июнь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Парламенти

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made