ЕИ Косовога сиёсий ташрифлар ва молиявий ёрдамни тўхтатди

Олам

image

Европа Иттифоқи минтақа бош вазири Сербия анклавларида деескалацияни таъминлай олмагани учун Косово билан юқори даражадаги сиёсий ташрифлар ва молиявий ҳамкорликни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 14 июнь куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати вакили Петер Стано маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, бу чоралар "санкция эмас". 

“Косово Бош вазири Альбин Курти Косовода Европа Иттифоқи бир неча бор талаб қилган деескалация уринишларида муваффақиятсизликка учради. Шу сабаб биз зудлик билан самарали бўлган бир қатор чораларни кўришга, жумладан, юқори даражадаги ташрифлар ва Косово билан молиявий ҳамкорликни тўхтатиб туришга қарор қилдик. Бу чоралар санкциялар эмас, улар бутунлай бошқа даражада жорий қилинган”, дейди Стано.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи аъзо мамлакатлар томонидан узоқ муддатли келишув натижасида қабул қилинган аниқ ҳуқуқий механизмлар асосида санкциялар киритади. Косовога нисбатан чоралар эса санкция эмас. 

Тарангликнинг кучайиши натижасида Европа Иттифоқининг 27 давлати Сербия ва Косовога аниқ талаблар қўйди. Унга кўра, Сербия ва Косово, айниқса, Косово шимолида маҳаллий сайловлар ва уларнинг натижаларини амалга оширишга уринишлар натижасида юзага келган кескинликнинг пасайишни таъминлаши керак.

Стано Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида маслаҳатлашувлар давом этишини, кейинги қадамлар қачон амалга оширилиши белгилаб берилишини таъкидлади. У Косовога қарши бу қарор қай даражада маъқуллангани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермаган. Шунингдек, у ЕИ Сербиянинг ҳаракатлари ва кескинликни юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини яқиндан кузатишда давом этишини таъкидлаган. 

“Биз Сербияга қарши чора кўришга тайёрмиз, агар Сербия кучайиб бораётганини кўрсак, Европа Иттифоқининг 27 давлати Сербияга қарши кўрилиши мумкин бўлган чораларни муҳокама қилади”, дейди у.

Станонинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Сербия армиясининг Косово билан чегарасидан қисман олиб чиқилишини Белград томонидан кўрилаётган “эскалация чоралари” сифатида қабул қилган қилади, шу сабабли, ҳозирча ЕИ Белградга қарши чоралар кўриш зарур деб ҳисобламайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирида Сербия Президенти Александр Вучич мамлакат армиясини юқори жанговар ҳолатга келтириш ва Сербиянинг Косово ҳамда Метохия билан чегарасига ҳарбий бўлинмаларни зудлик билан жойлаштиришни буюрган эди. Орадан кўп ўтмай, НАТО ўзининг Косоводаги ҳарбий бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш учун у ерга қўшимча батальон юборишини билдирди

Маълумот учун, Косово 1998-1999 йиллардаги урушда Сербиядан ажралиб чиққан ва 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган.  Бугунги кунга қадар бир қатор Ғарб ва Европа давлатлари унинг мустақиллигини тан олган. Фақат қитъанинг беш давлати – Словакия, Испания, Руминия, Кипр ва Греция ушбу давлатни тан олмаган. Шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Россия каби давлатлар ҳам Косовони мустақил давлат сифатида тан олмайди. Сербиянинг ўзи бўлса 2006 йилги Конституциясига кўра, Косовони ҳеч қачон тан олмаслигини белгилаб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Сербия Косово

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг