Видео: Жамшид Кенжаевнинг отаси суд ҳукмидан норози бўляпти

Жамият

Кеча, 13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2018 йилнинг ёз ойларида пойтахт Тошкентдаги “Aurum 898” тунги клубида содир этилган қотиллик юзасидан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ушбу суд мажлисида “Aurum 898” тунги клуби остонасида ўлдирилган Жамшид Кенжаевнинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва яқинлари ҳам иштирок этган. Суд мажлисида қатнашган Кенжаевнинг отаси Ёқуб Кенжаев суд ҳукмидан норози эканини маълум қилган. Ота фарзандининг ўлимига сабабчи бўлганларга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўраган. 

“Ётган одамга ёрдам беришга ҳеч кимни яқинлаштиришмай, атрофини ўраб туришибди. Буни видеотасвирда кўриш мумкин. Болам бечора ўша ерда 45-48 дақиқа ётган. Сал кам бир соат ётган ўша жойда”, дейди Кенжаевнинг отаси журналистлар билан мулоқотда. 

Эслатиб ўтамиз, суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиб, Шодали Қиличовни (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда;

Саидазим Камолдинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган), Алижон Хамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) ва Жаҳонгир Ёрқуловни (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган)Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Суд ҳукмига асосан Шодали Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жамшид Кенжаев

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг