“Aurum 898”даги жанжал бўйича сўнгги ҳукм чиқарилди
Жамият 13 Март 16:48 9142
image

Бугун, 13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Шодали Қиличов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган), Саидазим Камолиддинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган), Алижон Хамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) ва Жаҳонгир Ёрқулов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Мазкур жиноий иши судья Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А.Нишонов ва М.Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиб, Шодали Қиличовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликларида айбдор деб топди.

Суд ҳукмига асосан Шодали Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланди.

Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шунингдек, мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 357
Рейтинг: 2.9