Ўзбекистонда хусусий университетларга қaрши кураш бошландими?

Таҳлил

image

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 20 февралида эълон қилинган маълумотга кўра, 209 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 114 таси давлат, 65 таси нодавлат олий таълим ташкилоти, 30 таси хорижий ОТМ ва унинг филиаллари ҳисобланади. Ўзбекистондаги илк нодавлат ОТМ – Қўқон университети – 2019 йилда очилган эди. Шундан сўнг, хусусий университет ташкил этиш ва уларга лицензия бериш жараёни тезлашиб кетди.

Яқиндагина Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган 5 та нодавлат олий таълим ташкилотининг лицензияси бекор қилингани, 1 та нодавлат ОТМ лицензиясини бекор қилиш бўйича суд жараёни давом этаётгани ҳақида хабар берди. Маълумотларга кўра, ушбу университетларнинг 2 таси: Valley Innovative University ҳамда Урганч шаҳридаги Binari университети билан боғлиқ суд жараёнлари тўлиқ тугалланган ва уларнинг талабалари бошқа университетларга кўчириб ўтказилган.

Қайд этилишича, хусусий университетларда таълим жараёнини ташкил этиш ва лицензия талабларининг бузилганлиги ҳолатлари бўйича норозилик мурожаатлари келиб тушган. Улар асосида текшириш ўтказилиб, ҳозиргача “лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузганлиги учун” 6 та хусусий университетнинг тегишли лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.

Бизга ҳозирча фақат Valley Innovative University лицензияси бекор қилинишига асос сифатида кўрсатилган сабабларгина маълум. Суд хулосасига кўра:

  • Олий таълим ташкилотининг лицензияда кўрсатилган фойдаланиш учун ажратилган бино-иншоотлари муассисларга мулк ҳуқуқи ёки ижара шартномаси асосида тегишли эканини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS ахборот тизимига таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисида тўғри ва тўлиқ маълумотлар киритилмаган;
  • ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланадиган ректор маслаҳатчиси штат бирлиги жорий этилмаган;
  • таълим ташкилотининг банкдаги ҳисобварағида 150 минг АҚШ доллари ёки шу миқдор эквивалентдаги маблағ мавжуд эмас;
  • 60 та компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхона ва 20 та компьютер техникаси, сканер ва нусха кўчириш аппарати билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази ташкил этилмаган;
  • таълим олувчилар ҳар бир фандан ўқув адабиётлари (дарсликлар, ўқув қўлланмалари) билан таъминланмаган деб топилган ва лицензиядан маҳрум қилинган.

Valley Innovative University таъсисчисининг Qalampir.uz’га маълум қилишича, Олий таълим вазирлиги уларни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, бир кун ичида далолатнома тузиб, судга чақиртирган. Шунингдек, у вазирликка алоқаси бўлмаган шахслар нодавлат ОТМ очгани учун турли босим ўтказиб, пул талаб қилганини иддао қилмоқда.

“Мендан 150 минг доллар талаб қилишди (унивeрситет ҳисобварағида туриши керак бўлган пулдан ташқари). Мен бу пулни бермадим. Университет ёпилишига, балки шу сабаб бўлгандир. Олий таълим вазирлигидан ходимлар келган куни мен хорижлик меҳмонларни университет билан таништираётган эдим. Ўша куннинг ўзида далолатнома тузилди. Орадан кўп вақт ўтмай, мени судга чақиртиришди. Энг ажабланарлиси, менга суд вақтини унинг бошланишидан 5-6 соат олдин айтишди”, дейди университет таъсисчиси.

Унинг сўзларига кўра, суд икки марта бўлган, иккинчи судда университет ютиб чиққанига қарамай, университет лицензияси бекор қилинган. Ундан ташқари, судда университет бажармаган дея кўрсатилган талабларнинг айримлари хусусий ОТМ ташкил этилгандан сўнг ўрнатилган. Талабларнинг бу тарзда тез-тез ўзгариб туриши эса, тадбиркорларга ноқулайлик туғдирмоқда. 

Бугун эса Наманган Халқаро университетида юзлаб талабалар ва уларнинг ота-оналари тўпланиб, университетнинг лицензияси олиб қўйилаётганига норозилик билдирди.

Талабалар учун ўқув жараёнлари давом этаётган бир пайтда университетнинг судга тортилиши қанчалик адолатли?

НамХУнинг адвокати сифатида судда иштирок этган Баҳодир Аҳмедовнинг сўзларига кўра, Адлия вазирлигининг текширув ўтказилиши керак бўлган университетлар рўйхатида НамХУ бўлмаган:

“Гап шундаки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 10 майдаги 133-сонли буйруғига асосан НамXУ ОТМда текшириш ўтказган. Бу буйруққа эса Адлия вазирлигининг 2023 йил 24 февралдаги 18/6-6/2807-сонли хати асос бўлган ва шу асосда Бизнес-омбудсман билан текшириш ўтказиш юзасидан келишилган. Лекин шу ерда битта масала бор. Адлия вазирлигининг 2023 йил 24 февралдаги 18/6-6/2807-сонли хатида автоматик равишда шаклланиб кетган лицензияга асос бўлган 3 та ОТМда текшириш ўтказилиши келтирилган. Бу ОТМлар ичида эса НамХУ бўлмаган. Аммо текширув ўтказилаверган, Бизнес-омбудсман ҳам келишиб бераверган.

Биз текширувлар бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш юзасидан маъмурий судларга арз қилдик. Маъмурий судларда вазирлик вакиллари ХФУ ҳужжат бор, уни ўқиш мумкинмас, қарасангиз “тошга айланиб қоласиз” дегандек муносабат қилишди. Бу ҳужжат муҳокама қилинмаса ҳам суд қарорларида асос қилиб кўрсатилаверди. Тафтиш ҳайъати бизга бу ҳужжат билан танишишга берди (прокурорга бергани учун бизгаям беринг деб эътироз қилганимиздан сўнг) ва кўрсак у ерда Президент администрациясининг собиқ раҳбари Умрзоқов хусусий ОТМлар фаолиятини ўрганиш деб топшириқ берган экан. Текширув эмас. Айнан номлар ҳам келтирилмаган. Лекин маъмурий судлар “ўрганиш” ва “текшириш” тартибларига эътибор қаратмади”, дейди Баҳодир Аҳмедов.

Адвокат Аҳмедов иқтисодий судларда янада қизиқ ҳолатлар кузатилганини айтмоқда. Вазирлик ОТМ устидан лицензияни бекор қилишга асос сифатида лицензия шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилганини айтиб, судга мурожаат қилган. Бироқ вазирлик “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддасида белгиланган қоидабузарликларнинг қайси бири бўлган деб сўралганда, аниқ далил ва фактлар келтириб беролмаган. 

“Шубҳали тарзда барчаси тез кетаётганди. Биринчи инстанцияда бир кундаёқ лицензия бекор қилинсин дея қарор чиқарилди. Суд мажлиси 15 минут бўлди шекилли ўзиям. Апелляцияда ҳам иш шошилиб кўрилди. …Лицензияни бекор қилиш рад этилган. Битта масала, битта предмет, бир хил асослар. Судья бошқа. Энди умидимиз Олий суддан. Қайта тафтиш инстанцияси борку. Аммо унда битта “тўсиқ-судья” бор. Унинг раъйига боғланган ҳаммаси...” деб ёзади адвокат.

Журналист-ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов нега бу олийгоҳдан ҳам шароити оғирроқ бўлган давлат таълим муассасалари турганда айнан шу каби хусусий олийгоҳлар лицензияси бекор қилинмоқда, деган ўринли саволни ўртага қўйди.

“Агар президентга “шунча хусусий университет лицензияси бекор қилинди” деган мазмунда ҳисобот берилган бўлса, бу ҳисобот қонунга асосланганмиди? Ёки “шунақалариям бор” мазмунида ҳисобот берилиб, энди чора кўриш бошланиб кетдими? Бу борада албатта сиёсий жавобгарлик бўлиши керак, шунча талабанинг ҳаёти билан ўйнашилган бўлса. Президент хизмат сафарида юрганда “зўр иш” қилиб қўйибсизлар, шунчаки ажойиб. Ҳолат алоҳида махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиши зарур”, дейди Солижонов. 

Нодавлат ОТМларга “қарши кураш” қачон бошланди? 

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-тамойиллари тўғрисида”ги қонун 2021 йилда қабул қилинган ва унда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолият учун лицензия бериш бўйича ваколатли орган этиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси кўрсатилган. Лекин, инспекция фаолияти 2023 йилнинг 1 январь куни тугатилди. 

2023 йилнинг август ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этишилишини лицензиялаш билан боғлиқ коррупциявий хавф-хатарлар таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, 2022—2023 йилларда фаолияти лицензияланган 65 та нодавлат олий таълим муассасаларидан 38 тасига лицензия беришда 82 та ҳолатда турли камчилик ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

Ушбу таҳлил якунлари бўйича агентлик томонидан нодавлат ОТМларни ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш соҳасида мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, президент администрациясига киритилгани айтилган эди.

Худди шу вақтда, 2023 йилнинг август ойида хусусий университет очмоқчи бўлган тадбиркорларга вазирлик лицензия беришни орқага сураётгани маълум бўлди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев нодавлат олий таълим ташкилотига лицензия бериш кимнингдир оғзаки топшириғи ёки жамоатчиликка эълон қилинмаган яширин ҳужжат билан тўхтатиб қўйилгани, бунга сабаб сифатида лицензия беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилаётгани кўрсатилганини айтди. Лекин орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, янги қонундан дарак йўқ. 

Амалдаги ҳужжатда лицензия бериш бўйича ваколатли деб ҳисобланган органнинг ўзи йўқ, аммо август ойидан бери тўртта нодавлат ОТМ лицензия олишга муваффақ бўлган. License.gov сайтида лицензияловчи ташкилот сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўрсатилган.

Қарши халқаро университети ректори, юридик фанлари доктори Ахтам Якубов Хушнудбек Худойбердиевга берган интервьюсида хусусий олий таълим муассасалари фаолиятини давлат органи ҳисобланмаган холис ташкилот – фуқаролик жамияти институти мониторинг қилиб борадиган тизимни йўлга қўйиш ёки Нодавлат олий таълим муассасалари Ассоциациясини тузишни таклиф этган эди. Аммо, бу таклиф амалга ошмади. Нодавлат университетларни мониторинг қилиб бориш билан улар ҳозирда рақобатлашаётган давлат университетларининг бевосита “эгаси” — Олий таълим вазирлиги шуғулланмоқда.

Нодавлат ОТМ ҳақида одамлар қандай фикрда?

Нодавлат ОТМда ўқишга талаб ошаётган бир пайтда уларнинг лицензияси бекор қилиниши хусусий таълим ташкилотларига нисбатан ишончнинг пасайишига олиб келмоқда. Qalampir.uz аҳолининг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига оид фикр ва қарашларини билиш мақсадида сўровнома ўтказди. Сўровномада қатнашган нодавлат ОТМ талабаларининг барчаси ўзлари таҳсил олаётган университетдаги дарслардан қониқишини билдирди.

“Хусусий университетда таълим яхши берилади, устозлар дарсга креатив ёндашади. Шу сабабли қизиқиб, маза қилиб ўқияпман. Тўғри, давлат университетида ўқиб кўрмаганман, уларнинг фарқини айтиб беролмаслигим мумкин, лекин ўзим таҳсил олаётган нодавлат таълим муассасасидаги дарслардан кўнглим тўляпти” дейди талабалардан бири.

Давлат университетларида ўқиётган талабаларнинг баъзилари эса, хусусий олийгоҳларга ишонч йўқ, деган фикр билдирди.

“Кўп хусусий университетлар ёпилиб кетяпти, лицензияси олиб қўйиляпти. Уёққа ўқишга топшириб, пул тўлаб қўйганингиздан кейин, ишга киришда диплом ўтмаслиги мумкин. Давлат университетида таълим сифати унчалик яхши бўлмаса ҳам, уни битиргандан кейин иш топиш муаммо бўлмайди”, дейди ЎзМУ талабаси.

Шунга қарамай, сўровномада қатнашганларнинг деярли барчаси нодавлат ОТМларнинг Ўзбекистонда очилишини фойдали деб ҳисоблашини айтди. Юртдошларимизнинг фикрича, давлат университетлари барча ёшларни ўқишга қамраб ололмайди, хусусий олийгоҳлар эса ўқиш истагида бўлганларга шундай имкониятни беради. Бундан ташқари, нодавлат университетлар сифатли таълим учун курашмоқда ва шу туфайли давлат университетлари, умуман олганда, таълим берувчи ташкилотлар ўртасида рақобат кучайяпти.

Шу ўринда савол туғилмоқдa, нодавлат ОТМларнинг лицензиясини олиб қўйишдан мақсад таълимнинг сифатини оширишми ёки… 

Моҳинур Маматова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ОТМ хусусий университетлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг