Ўзбекистонда бодринг ва узум нархи ошганига изоҳ берилди

Жамият

image

Айни кунларда Ўзбекистон бозорларида бодринг ва узумнинг нархи кескин кўтарилиб кетди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берди

Вазирлик бодринг нархининг ошиб кетишини очиқ далаларда етиштирилган ҳосил аллақачон истеъмолчиларга етказиб берилгани ва иссиқхоналардаги ҳосилнинг ҳали пишиб етилмагани билан изоҳлаган. Унга кўра, олдинги йилларда ҳам ноябрь ойи ўрталарига келиб бодринг нархи ўсиши кузатилган. Жумладан 2021 йилда олдинги ойларга нисбатан ноябрда 1,3 баробарга, 2022 йилда 1,9 баробарга ошган. 

Аниқлик киритилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги 567-сонли қарори билан иссиқхоналарга кафолатланган табиий газ етказиб бериш белгилангандан сўнг экин экиш ишлари бошланган. Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар ноябрь ойининг учинчи ўн кунлиги ва декабрь ойи бошидан терими бошланиши билан ички бозорда нархлар барқарорлашиши прогноз қилинмоқда. 

Узум нархининг ошиши эса ноябрь-декабрь ойларида кўп миқдордаги маҳсулотларнинг сақлаш учун жойлаштирилиши оқибатида унга бўлган талабнинг ошиши билан боғланган. Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг ноябрь ойи нарх октябрга нисбатан 111,5 фоизга ошган бўлса, жорий йилда мос равишда бу кўрсаткич 119 фоизга ўсган. 

Жумладан, маҳсулот нави бўйича ҳусайни 15-25 минг, тойфи 15-20 минг сўмни ташкил этган бўлса, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган Ризамат ота навига бўлган талаб кескин ошган (1 кг 90 минг сўм атрофида).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда анор рекорд даражада қимматлагани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Тошкент супермаркетларида бир килограмм анор 40-45 минг сўмдан, бозорларда эса 25 минг сўмдан 40 минг сўмгача сотилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

бозор нарх бодринг узум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг