Умрага борган ўзбекистонликлар туристик фирмалар сабаб кўчада қолди (видео)

Жамият

image

QALAMPIR.UZ таҳририятига Умра амалини бажариш учун Макка ва Мадина шаҳарларига борган ва Ўзбекистонга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг мурожаати келиб тушди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам уларнинг сарсон бўлаётгани, меҳмонхоналардан чиқариб юборилаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалиб, кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.

Бош консулхонага кўра, ўзбекистонликларнинг сафарлари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилган. Мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган.

“Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда юртдошларимизни қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, қўшимча рейслар жадвали тузилди”, дейилади хабарда.

Жорий йилнинг 4 февраль ҳолатига кўра, зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилган, қолган фуқаролар ҳам яқин фурсатларда Ўзбекистонга юборилади.

“Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси ва Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни ўз назоратига олган ва доимий равишда мониторинг олиб бормоқда ҳамда юртдошларимизга зарур консуллик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимизни хотиржамликни сақлашга ва Саудия Арабистонидаги амалдаги қоидаларга риоя қилишга чақирамиз”, дейилади Бош консулхона муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Фарғонада Ҳаж зиёратига юбораман деб одамларни 15 минг АҚШ долларига чув туширган шахсга ҳукм ўқилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Умра туристик фирмалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг